Сенат раиси Эроннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 15 январь куни Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Найирободий билан учрашди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Таъкидланишича, учрашувда икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Хусусан, қонун ижодкорлиги, парламентаризм, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини излашга қаратилган, шунингдек, тажриба алмашиш юзасидан ҳам доимий мулоқотлар олиб бориш йўлга қўйилмоқда.

Эроннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар кенгайиб, сиёсий соҳадаги мулоқотлар фаоллашганини ижобий баҳолади. Томонлар мамлакатлар парламентлари аъзолари ўртасида барча даражалардаги алоқаларни тизимли давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдирган.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Ҳамид Найирободий парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, умуман, Ўзбекистон–Эрон алоқаларини кенгайтириш ва чуқурлаштиришда парламентлараро муносабатлар ўз ҳиссасини қўшишини қайд этган. Учрашувда турли соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш йўналишлари муҳокама қилинган. Жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоя ва туризм, маданий-гуманитар соҳаларда икки давлат алоқаларни янги босқичга кўтариш ҳақида сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш кўриб чиқилди.

Аввалроқ Танзила Норбоева АҚШ давлат котиби ёрдамчиси билан учрашгани ва Aбдулазиз Комилов Aфғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раиси билан кўришгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Aбдулазиз Комилов Қирғизистон ташқи ишлар вазири билан учрашгани хабар қилинган.