Тошкентда «Парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро конференция ўтказилди

Тошкентда 25 январь куни «Парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Бу ҳақда конференцияда иштирок этган «Tez News» мухбири Ирода Жўраева хабар бермоқда.

Фото: «Tez News»

Мазкур йиғилишда, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари ва илмий эксперт кенгаши аъзолари, Ёшлар парламенти ва «Ёш қонуншунослар» клуби аъзолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, қолаверса, Туркия, Германия, Корея, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчилари ва элчихона вакиллари, KOICA ва ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Фото: «Tez News»

Ушбу халқаро конференциянинг мақсади парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатидан таъминлаш юзасидан хорижий мамлакатлар тажрибаси билан яқиндан танишиш, мамлакатимизда мазкур фаолиятнинг илмий ва ҳуқуқий асосларини янада кучайтиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.

Фото: «Tez News»

Тадбирда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг ўрни, мазкур институт Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтилганидек, депутат ва сенаторларнинг чинакам кўмакчисига айланиб бораётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаларининг қизғин муҳокамасини ўтказиш ва қабул қилинган қонунларнинг амалиётдаги таъсирчанлигини баҳолашда Институтнинг самарали фаолияти хусусида тўхталиб ўтилди. Парламент фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш сифатини ошириш, унинг иши самарадорлигини кучайтириш бўйича янги илғор усул ва технологияларни жорий этиш муҳимлигига урғу берилди.

Фото: «Tez News»

Халқаро ташкилотлар вакиллари эса ўз маърузаларида илғор хорижий мамлакатларнинг тажрибаси билан ўртоқлашиб, парламент фаолиятида илмий ва ахборот-таҳлилий маълумотлардан фойдаланишнинг аҳамияти ва долзарблиги ҳақида фикр билдирди.

Конференция якунига кўра, парламент фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг бугунги ҳолати, қонун ижодкорлиги соҳасида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими, бу борада хорижий мамлакатлар тажрибаси юзасидан таклиф ва мулоҳазалар муҳокама қилинди ҳамда тегишли тавсиялар берилди.

Фото: «Tez News»

Маълумот учун, ушбу конференция Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилган.

Янгиликлар