«Универсам» биноси жойлашган ерни тортиб олиш бўйича Тошкент ҳокими қарорини бекор қилинди

Тошкент ҳокимининг Аҳмад Дониш ва Амир Темур кўчалари кесишмасида 27 январь куни 65 та тадбиркорга тегишли бино ва иншоотлар жойлашган 6 гектар ер участкасини давлат ва жамият эҳтиёжи учун олиш тўғрисидаги қарори бекор қилинди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Суднинг қарорига кўра, аризачи «Uy ro‘zg‘or mollari», «Nur sexri oshiyoni», «Zar-ziynat biznes», «Saida-baroka», «Glorius justice», С. Росошанская ва «Emisun market»нинг талаблари тўлиқ қаноатлантирилган.

Суд қарори устидан 30 кун ичида Тошкент шаҳар маъмурий судига шу суд орқали апелляция тартибида шикоят берилиши ёки протест келтирилиши мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистонда ерни ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик белгилангани ҳақида хабар берилганди. Бу Шавкат Мирзиёев 14 январь куни имзолаган «Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга киритилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев мамлакатда хусусий мулк объектларининг ҳокимият органлари томонидан бузилиши ва бўшаган ерларни олиб қўйиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун бузиш ишларига мораторий эълон қилишни таклиф этгани ҳақида хабар берилган.