Когон хавфсиз ҳудудлар рўйхатига киритилди. Туманда охирги 7 ойда умуман ЙТҲ содир бўлмаган

Бухоро вилоятининг Когон туманида 2020 йилнинг ўтган 7 ойи давомида ЙТҲлар содир бўлмаганлиги сабабли ушбу туман хавфсиз ҳудудлар рўйхатига киритилди. Бу ҳақда «Замон» информацион дастури хабар берди.

Хабарга кўра, туманда умуман ЙТҲ содир бўлмаганига соҳа ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тадбирлар сабаб қилиб кўрсатилган. Туман ҳудудидан ўтувчи халқаро ва давлат аҳамиятига эга бўлган хавфли участкаларга тезликни ошириш ва чарчоқ оқибатларини акс эттирувчи 2×3 метрдаги ҳайдовчиларни огоҳликка чорловчи махсус паннолар ўрнатилган. Шунингдек, A-380 автомобиль йўлининг хавфли участкасига 30 та симёғоч, 10 та фоторадар макети ўрнатилиб чиқилиши натижасида ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг тезлиги сезиларли пасайганлиги кузатилган.

Бундан ташқари йўл-патруль хизмати отрядининг 2 та ҳаракатдаги мобил экипажлари ушбу йўлда кечаю кундуз онлайн тарзда ишловчи фоторадарлар билан хизматга жалб этилиши ташкиллаштирилган.

Шунингдек, қўшимча равишда 2 та кўчма фоторадар макети тайёрланиб, мобил экипажлар томонидан хизмат вақтида фойдаланишлари йўлга қўйилган. Туман марказидаги кўчалар ва йўлларга ёритиш чироқлари ўрнатилиб, тунги вақтларда ёритилиши тўлиқ таъминланган. Туман марказидаги аҳоли гавжум бўлган пиёдалар ўтиш жойида сунъий нотекислик ташкил этилган.

Таҳлилларга кўра, ЙТҲларининг асосий қисми етарлича тажрибага эга бўлмаган ҳайдовчилар томонидан содир этилаётганлиги аниқланиб, вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда туманнинг 9-мактабида махсус йўл ҳаракати қоидалари синфхонаси ташкил қилинган. Таълим муассасалари қаршисида ҳаракат хавфсизлигини ишончли таъминлаш мақсадида 20 та пиёдалар ўтиш жойларида болалар макетлари ўрнатилган.

Аввалроқ Наманганда марказий кўчалар бўйлаб ҳайдовчиларни огоҳлик ва ҳушёрликка чорлаш мақсадида автоҳалокатга учраган машиналар айлантирилгани хабар қилинган эди.