Қўқонда фуқарони уриб, унинг велосипеди ва телефонини олиб қўйган гуруҳ қўлга олинди

Қўқон шаҳрида уч кишилик жиноий гуруҳ уйига кетаётган фуқарони уриб, велосипеди ва телефонини олиб қочди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Қўқон шаҳрида 25 август куни соат 01:30 ларда А.А., Ў.И. ва 16 ёшли вояга етмаган М.Ж. исмли шахслар бир гуруҳ бўлиб, Муқимий шаҳарчаси кўп қаватли уйлар орасида жойлашган йўлак орқали яшаш уйига велосипедда кетаётган 28 ёшли Я.Д.ни тўхтатиб, уриб, нархи 2 миллион сўмлик «Mongoose PRO» русумли велосипеди ҳамда нархи 1 ярим миллион сўмлик «Honor 10 Lite» русумли уяли телефонини босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.А., Ў.И. ва М.Ж.га нисбатан Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Ў.И.га нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Наманганда фуқарони олиб қочиб, унинг 5 миллион сўм пулини ўғирлаб кетган уюшган гуруҳ қўлга олингани хабар қилинган эди.