Ғиждувонда «Damas» 10 ёшли болани уриб юборди (видео)
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида «Damas» русумли автомашина 10 ёшли болани уриб юборди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 24 сентябрь, пайшанба куни Ғиждувон туманининг «Улфатбиби» МФЙдан ўтувчи 4Г-160 автомобиль йўлининг 21-километрида 1992 йилда туғилган фуқаро бошқарувида бўлган «Damas» автомашинаси 10 ёшли болакайни уриб юбориши натижасида унга оғир тан жароҳати етказилган.
Шунингдек, йўл патруль хизмати отрядининг 2 та ҳаракатдаги мобил экипажлари ушбу йўлда кечаю кундуз онлайнда ишловчи 3 та фоторадар билан хизматга жалб этилиши таъминланган. Бундан ташқари, қўшимча равишда рейдлар ўтказилиб, мобил экипажлар томонидан қўпол қоидабузарликларни аниқлаш борасида ишлар кучайтирилган.
Ҳайдовчиларнинг ҳушёрлигини ошириш учун мазкур автомобиль йўлида оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаси акс этган баннерлар ўрнатилиб, ҳудуд аҳолиси билан алоҳида профилактик суҳбатлар олиб борилган.
Маълумот ўрнида, вилоят ҳудудларида содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 35—40 фоизи пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ бўлиб, ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Бухоро вилоятида 100 дан ортиқ, айнан Ғиждувонда 30 га яқин сунъий йўл нотекисликлари ташкил этилган.
Аввалроқ Ўзбекистон туманида «Damas» велосипедчини уриб юборгани, Чинозда «Nexia-3» ва «Lacetti» тўқнашиши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилинганди.