Чинозда «Nexia-3» ва «Lacetti» тўқнашди. Тўрт киши ҳалок бўлди
Тошкент вилояти Чиноз туманида «Nexia-3» ва «Lacetti» иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 13 сентябрь, якшанба куни соат 00:10 атрофида Чиноз тумани «Кўтарма» МФЙ ҳудудидан ўтган М-39 Тошкент—Термиз автомобиль йўлининг 858-километрида 1986 йилда туғилган ҳайдовчи Т.С. хавфсизлик камарини тақмасдан «Nexia-3» русумли автомобилни бошқариб кетаётиб руль бошқарувини йўқотган ва йўлни иккига ажратиб турувчи бетон тўсиқдан йўлни қарама-қарши томонига ўтиб кетган. Оқибатда қаршисидан хавфсизлик камарини тақмасдан келаётган 1981 йилда туғилган ҳайдовчи Ф.Н. бошқарувидаги «Lacetti» билан тўқнашган.
Қайд этилишича, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида «Nexia-3» автомобили ҳайдовчиси 34 ёшли Т.С., «Lacetti» русумли автомобиль ҳайдовчиси 39 ёшли Ф.Н. ҳамда ушбу автомобиль йўловчилари 40 ёшли Э.Х. ва 25-30 ёшлардаги аёл оғир тан жароҳатлари олган ва воқеа жойида вафот этган.
Шунингдек, «Lacetti» йўловчилари 29 ёшли К.Б. ва 44 ёшли Ю.Ҳ. тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Чиноз тумани ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Косонсойда «Nexia» уриб юборган пиёда шифохонада вафот этгани ва Наманганда «Epica» тез ёрдам машинасига бориб урилиши оқибатида ҳамшира касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Булунғурда йўл ўртасида маст ҳолда ётган 20 ёшли йигит «Nexia» босиб кетиши оқибатида вафот этгани ҳамда Қувада «Matiz» велосипедни уриб юбориши оқибатида велосипедчи ҳалок бўлгани маълум қилинди.