Қувасойда умумий қиймати 700 млрд сўмдан ортиқ бўлган лойиҳа кўздан кечирилди

Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида умумий қиймати 700 миллиард сўмдан ортиқ бўлган лойиҳа кўздан кечирилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев, Қувасой шаҳар ҳокимининг тегишли ўринбосарлари ва «Кварц» акциядорлик жамиятининг мутасадди ходимлари билан биргаликда корхонанинг «Флоат ойна ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳаси жойига чиққан ҳолда мониторинг қилинган.

Фото: Қувасой шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, мазкур лойиҳанинг умумий қиймати — 702,5 миллиард сўм. Шунингдек, лойиҳа орқали 280 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

«Кварц» АЖнинг ушбу лойиҳаси амалга оширилиши ҳисобига 33 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи махсулотлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 6 миллион доллари экспортга чиқарилиши белгиланган ҳамда бюджет тушумларига қўшимча 20,5 миллиард сўм маблағлар туширилиши қайд этилган.

Аввалроқ Оқдарёда лойиҳа қиймати 5 миллиард сўмлик дам олиш маскани ва Тошкентда қиймати 200 миллиард сўмни ташкил этган янги меҳмонхона фаолиятини бошлаши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Сўхда қиймати 3,6 миллиард сўм бўлган инвестиция лойиҳаси ҳамда Наманганда умумий қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ булган 93 та лойиҳа амалга оширилиши маълум қилинди.

Янгиликлар