Наманганда ҳокимликлар маслаҳатчи ва матбуот котибларига хизмат автомобиллари топширилди
Наманган вилоятида 29 октябрь куни шаҳар-туман ҳокимларининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари ва ахборот хизматлари раҳбарларига хизмат автомобиллари топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Хабарга кўра, Наманган шаҳридаги «Уч фаввора» хиёбонида шаҳар-туман ҳокимларининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилари ва ахборот хизматлари раҳбарларига хизмат автомобиллари топшириш маросими бўлиб ўтган. Тадбирда вилоят ҳокими Шавкат Aбдураззоқов иштирок этган.
Маълум қилинишича, ҳокимларнинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиларига «Nexia 3», ахборот хизматлари раҳбарларига эса «Spark» автомобиллари топширилган. Таъкидланишича, тадбир якунида хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилар ва ахборот хизматлари раҳбарлари галдаги вазифалар хусусида ўзаро фикрлашиб олди.
«Бу икки тизим олдига бугунги кунда ниҳоятда долзаб масалалар қўйилган. Хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилар Президент томонидан 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар, хусусан, ‘аёллар дафтари’ни тўлақонли шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишлари зарур. Aхборот хизматлари эса бугунги кун нафасини тезкорлик билан илғаб, ҳудудларда рўй бераётган воқеа-янгиликларни ҳозиржавоблик билан ёритиб боришлари, журналист ва блогерлар билан ҳамкорликни узвий йўлга қўйишлари зарур», — деди вилоят ҳокими.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ёшлар агентлиги Марғилон шаҳар, Қувасой шаҳар, Тошлоқ туман бўлими бошлиғларига «Nexia 3» автомашинаси топширилгани хабар қилинганди.