Машҳур спорт шарҳловчиси Акром Тошхўжаев вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, мамлакатда шахмат спортининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган инсон, таниқли спорт шарҳловчиси Акром Тошхўжаев 29 ноябрь куни 66 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Маълумотларга кўра, Акром Тошхўжаевнинг меҳнат фаолияти Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида ўтган. Узоқ йиллар «Ўзбекистон» телеканалида, 2004 йилдан то нафақага чиққунга қадар «Спорт» телерадиоканалида ишлаган.

Акром Тошхўжаев ўзбекистонлик биринчи ва ҳозирча ягона жаҳон чемпиони (катталар ўртасида) Рустам Қосимжоновнинг чемпионлик тожи учун ўтказган ўйинларини шарҳлаган эди.

«Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги жамоаси кўп сонли спорт ихлосмандлари номидан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради», — дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Ёзувчи Эврил Турон 80 ёшда вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова коронавирусдан вафот этгани, коронавируснинг оғир формасини бошдан кечирган Фатҳулла Маъсудов вафот этгани маълум қилинган.

Янгиликлар