Бухорода фаолиятини тиклаган давлат боғчалари сони 9 тага етди

Бухоро вилоятидаги давлат боғчалари пандемия даврида босқичма-босқич очилмоқда. Бу ҳақда вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Бухоро вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, вилоятда 29 сентябрь ҳолатига кўра жами 9 та — Бухоро шаҳридаги 3-, 19-, 48-, 83-, Когон шаҳридаги 1- ҳамда Ромитан туманидаги 5-, 7-, 20-, 31-давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини бошлаган. Фаолият олиб бораётган боғчалар пирометр ва антисептик воситалар билан таъминланган.

Шунингдек, 30 сентябрь куни Бухоро туманидаги 51-давлат боғчаси ўз фаолиятини бошлаши режалаштирилган. Вилоятдаги мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ходимларнинг бирортаси коронавирус инфекцияси билан зарарланмаган.

Маълумот учун, Бухоро вилоятида мактабгача таълим ташкилотлари сони 1048 тани ташкил этади. Болалар қамрови эса 84 минг 711 нафар, яъни 58,1 фоизни ташкил этади. Вилоятда жами боғча ёшидаги болалар сони 145 минг 893 нафарга тенг.

Аввалроқ Бухорода 5 та давлат боғчасида анъанавий таълим бошлангани, Иштихонда бир кунда жами 250 ўринли 3 та боғча фойдаланишга топширилгани ҳақида хабар берилган эди.