Қўқонда танишини «Ўзбекистон темир йўллари»га ишга жойлаш учун 3 минг доллар талаб қилган эркак ушланди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида танишини «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига ишга жойлаш эвазига ундан 3 минг доллар талаб қилган эркак ушланди. Бу ҳақда «Zamon» информацион-таҳлиилий дастурида маълум қилинди.

Хабарга кўра, эркак «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятида ишлайди. Шунингдек, у танишини «Ўзтемирйўловчи» AЖга юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ишга жойлаб қўйиш эвазига ундан 3 минг доллар талаб қилган. Маълум қилинишича, мазкур шахс кимёвий ишлов берилган пулларни олаётган вақтида департаментнинг Қўқон шаҳар бўлими томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда қўлга олинган.

Аввалроқ Бухорода фотомоделликни таклиф қилиб, қиздан алдов йўли билан 650 минг сўм олган «фотограф» қўлга тушгани ҳамда Наманганда фуқарони 200 минг долларга чув туширган фирибгарга жиноят иши қўзғатилгани ҳақда хабар қилинганди.

Шунингдек, Булунғурда 1200 доллар эвазига фаррошликка жойлаб қўймоқчи бўлган поликлиника ходими ва Бухорода 45 миллион сўм эвазига ИИОга ишга киритиб қўймоқчи бўлган эркак ушлангани ҳақида хабар қилинган эди.