Ўзбекистонга Туркиядан қарийб 12,5 тонналик тиббий жиҳозлардан иборат навбатдаги инсонпарварлик ёрдами келди

Туркия ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида имзоланган соғлиқ материалларини беғараз топшириш битими доирасида COVID-19 эпидемиясига қарши курашда Ўзбекистонда тиббиёт ходимлари томонидан ишлатилиш учун юборилган ҳимояловчи тиббиёт материалларидан иборат ёрдам 31 июль, жума куни Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Қарийб 12,5 тонналик ёрдам 50 000 дона N-95 ниқоб, 200 000 та жарроҳлик ниқоби, 40 000 дона комбинезон, 5000 дона юзни тўлиқ тўсувчи ниқоб ва COVID-19’ни даволашда қўлланиладиган дори воситаларидан иборат.

Фото: ЎзА

Юкларни қабул қилиб олган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари мураккаб вақтда доимо ёрдамларини аямаган турк халқига миннатдорлик билдирди.

Фото: ЎзА

Маълумот учун, 15 март куни мамлакатда биринчи COVID-19 ҳолати аниқланиши биланоқ, қатъий карантин чораларини жорий қилган Ўзбекистонга Туркиядан биринчи соғлиқ ёрдами май ойида етказиб берилган бўлиб, биринчи ёрдамда 50 дона сунъий нафас олдириш  аппарати Ўзбекистон шифохоналарида ишлатилиш учун Ўзбекистон ҳукуматига топширилганди.

Аввалроқ АҚШ Ўзбекистонга қиймати 902 минг долларга тенг тиббиёт воситалари ва лаборатория жиҳозларини ҳадя қилгани, Германия Ўзбекистонга тиббиёт буюмлари кўринишида инсонпарварлик ёрдамини юборгани, Ҳиндистон Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдами сифатида 7 миллион дона таблетка юборгани, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонга 4 миллион долларлик инсонпарварлик ёрдамини юборгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар