“Вирус совуқ ва намгарчиликда тез тарқалади” — коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси
АОКА ҳузуридаги штабда 31 июль куни коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида брифинг ўтказилди. Брифингда вирус мутацияга учраши ва янги пандемияга олиб келиши мумкинлиги ҳақидаги саволларга ойдинлик киритилди.
Таъкидланишича, Россия ва хорижий давлатларнинг биолог олимлари касалликни иккинчи тўлқинини 2020 йилнинг ноябрларида кузатилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Қайсидир манба вируснинг мутацияси касалликни енгил кечувини келтириб чиқаради, деб ҳисобласа, қайсидир олимлар мутация вирусни касаллик чақирувчи қобилиятини янада кучайтиради ва оғирроқ кечиши мумкин деган тахминий ғояларни илгари сурмоқда.
«Шахсий кузатувлар асосида айтиш мумкинки, мазкур вирус совуқ ва намгарчиликни яхши кўради, шундай муҳитда у жуда тез кўпаяди ва тарқалади ҳамда унинг касаллик чақириш хусусияти кучаяди. Иссиқ иқлим тарқалувчанликни камайтиради. Тарқалувчанлик камайгани сари вирус юкламаси камаяди ва касаллик енгил кечиши кузатилади», — дейди коронавирусга қарши штаб аъзоси Севара Убайдуллаева.
Aввалроқ Комил Aлламжонов коронавирус вакцинаси Ўзбекистонга 2021 йилда ҳам етиб келмаслиги мумкинлигини, иммунолог-инфеционист Aзиза Хўжаева кучли карантинга эмас, беморларга шароит яратишга аҳамият бериш кераклигини таъкидлагани ҳақида хабар берилганди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар 31 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, 287 кишига ошиб, жами касалланганлар сони 23 558 нафарни ташкил этган. Шундан 13 680 нафари соғайган бўлса, 9741 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.