Шавкат Мирзиёев: «Бугунги шароитда бизнинг кўзимиз ҳам, қўлимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлиши шарт»

Шавкат Мирзиёев 31 август, душанба куни мамлакат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбирида коронавирус пандемияси даврида масъулиятни янада кучайтириш керак эканини айтиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев ҳозирги даврда барча ботир бўлиши шартлигини таъкидлаган.

«Бугунги оғир вазият ҳар биримиздан ўз фаолиятимиз ва масъулиятимизни янада кучайтиришни талаб этмоқда. Буни вилоятларда ўтирган раҳбарлар, нуронийлар ва ёшларимиз ҳам — ҳаммамиз кўриб турибмиз. Бугун мана шундай қийин синовлардан ўтяпмиз. Aгар шу синовлардан сабоқ чиқариб, тўғри хулоса қилиб, мутлақо бошқа тарзда ишни ташкил қилмасак, олдимизга қўйган марраларимизга эришиш қийин бўлади. Шунинг учун, албатта, ўз фаоилиятимиз ва масъулиятимизни янада кучайтиришимизни ҳаётни ўзи талаб этмоқда. Халқимизда ‘Кўз қўрқоқ, қўл ботир’ деган чуқур маъноли ибора бор. Оддий тилда мен шуни келтирдим. Буни билмаган одамнинг ўзи йўқ. Aлбатта, кўзимиз қўрқади лекин қўлимиз ботирлигини сезамиз. Бугунги шароитда бизнинг кўзимиз ҳам, қўлимиз ҳам, юрагимиз ҳам ботир бўлиши шарт. Aгар шундай қилсак, натижага, албатта, эришамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев мамлакат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбирида хусусий бизнес ва тадбиркорлик масалаларига тўхталгани, Ўзбекистонда учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани ҳамда қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслиги ҳақида тўхталиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар