Шавкат Мирзиёев: «Ўзбекистонда учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда»

Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида 31 август, дкушанба куни мамлакат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбирида Ўзбекистонда учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани ҳақида таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Қадрли юртдошлар, бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда ‘Янги Ўзбекистон’ ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир. Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш — учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, коронавирус пандемияси туфайли Мустақиллик байрами онлайн режимда ўтказилган. Кўксаройдаги маросим телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кўксарой қароргоҳида 31 август куни Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюргани ва Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйгани маълум қилинди.