Ўзбекистондан Россияга бориб, мамлакатга киролмаётган фуқаролар ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ўзбекистонликларнинг Россия ҳудудига кириши учун рухсат олиб бериш бўйича таклиф этилаётган хизматлар ҳамда Россияга бориб, мамлакатга киритилмаётган фуқаролар ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан 2020 йилнинг март–апрель ойларидан бошлаб халқаро қатновлар, шу жумладан, Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам авиақатновлар вақтинча чекланган. Чет эл фуқароларининг мамлакатга кириши бўйича Россия Ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги тегишли фармойиши билан қатор чекловлар жорий этилган.

Айни пайтда айрим тоифадаги фуқаролардан ташқари ўзбекистонликларнинг индивидуал тарзда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида Россия ҳудудига киришига рухсат йўқ. Фақатгина Россия Ҳукуматининг коронавирусга қарши штаби томонидан чегара хизматларига тақдим этилаётган рўйхат асосида ташкилий тарзда ишга юборилаётган шахслар ушбу мамлакатга киритилмоқда.

Пандемия даврида хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда хорижга ишга жалб қилиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан жорий йилда 264 та хорижий иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотлари билан музокаралар олиб борилган.

Музокаралар натижасида Россиянинг 30 та, Қозоғистоннинг 52 та, БААнинг 3 та, Туркиянинг 1 та ва Тожикистоннинг 2 та иш берувчи ва рекрутинг ташкилотлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланиб, 64 758 та бўш иш ўринлари аниқланган. Ўрнатилган карантин чекловлари ва тартибларига риоя этган ҳолда хорижий давлатларга ўрнатилган тартибда 9 мингдан ортиқ юртдошларимиз вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий тартибда ишга жўнатилган.

Айни пайтда Россия ҳудудида ишлаш истагидаги Ўзбекистон фуқароларини пандемия ва ундан кейинги даврда ташкиллаштирилган ҳолда кириш жараёнларини соддалаштириш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

«Шу ўринда юртдошларимиздан Россия Федерацияси ҳудудига олиб кириб қўйиш хизматларини таклиф этаётган шахсларга ишонмасликларини ва турли йўллар билан ушбу мамлакатга ноқонуний кириб боришга уринмасликларини тавсия қиламиз.

Турли сохта ҳужжатлар чегараларни кесиб ўтишга уриниш Ўзбекистон ва Россия қонунларига кўра, жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши мумкин.

Россияда ишлаш истагида бўлган фуқаролар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишлари ва иш берувчиларнинг танловларидан ўтган тақдирда ташкиллаштирилган ҳолда ушбу мамлакатга ишга кетишлари мумкин», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг 200 га яқин фуқароси Россиядаги қурилиш объектларига ишга жўнатилиши ва Россияда мигрантлар ҳужжатларининг амал қилиш муддати узайтирилгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Россияга чиқиши соддалаштирилиши хабар қилинган.