Россия Фарғона вилоятидан қуруқ мевалар импортига қўйилган тақиқни олиб ташлади

Россия ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати (Россельхознадзор) 2021 йил 1 январдан Фарғона вилоятидан қуруқ мевалар импортига рухсат берди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида хабар берилган.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, ташкилот мазкур қарорга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси билан ўтказган музокаралар натижасида келган.

Фарғона вилоятидан келтирилган қуритилган меваларнинг ҳар бир партиясига дастлабки электрон билдиришнома ва маҳсулотларнинг фитосанитар хавфсизлигини тасдиқловчи лаборатория синовлари баённомалари илова қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Россельхознадзор 7 декабрь куни Фарғона вилоятидан олиб келинадиган барча дала экин маҳсулотларига тақиқ қўйганди. Россия карантин фитосанитария назорати давомида Фарғонадан олиб келинган 1 тонна қуритилган ўрикдан Капр қўнғизи топилганини маълум қилган.

Аввалроқ Россия Ўзбекистондан помидор ва қалампир олиб киришга қўйилган тақиқни қисман бекор қилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар