Бош прокуратура Ўзбекистонда Абдукарим Мирзаевга ҳеч қандай иш очилмаганини маълум қилди

Туркияда қўлга олинган таниқли журналист Абдукарим Мирзаевга Ўзбекистонда қандайдир жиноий иш очилмаган ва у қидирувда эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон бош прокуратураси «Tez News»га маълум қилди.

Кадр: YouTube

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг хабар қилишича, Ўзбекистон томони Туркияда қўлга олинган ўзбекистонлик журналист Абдукарим Мирзаевнинг қўлга олинишига алоқадор эмас. Шунингдек, Бош прокуратурада Абдукарим Мирзаев билан боғлиқ жиноий иш мавжуд эмас, унинг ўзи ҳам қидирувга берилмаган.

Аввалроқ Таниқли журналист Абдукарим Мирзаев Туркияда қамоққа олинди. Шубҳалар исботини топмади, бироқ журналистни депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида хабар берилган эди. Ёлланган адвокат у билан учрашган, полицияга журналистнинг шубҳали шахслар билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини исботловчи далил ва ҳужжатларни тақдим этган. Шубҳа ва гумонлар ўз тасдиғини топмаганидан сўнг уни мамлакатдан депортация қилиш тўғрисида қарор чиқариб, Миграция идорасининг чет элликларни сақлаш бўлимига юборган. Айни вақтда депортация тўғрисидаги қарорни бекор қилиш, кузатувни тўхтатиш тўғрисидаги даъво тайёрланмоқда.

Янгиликлар