Афғонистон компанияси Бухорога чекланмаган миқдорда 3 минг сўмдан картошка етказиб беради

Афғонистоннинг «Omar Seyar» LTD компанияси Эрон давлатидан Бухоро шаҳригача барча харажатлари билан чекланмаган миқдорда 3 минг сўмдан картошка етказиб беради. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Шаҳар ҳокими биринчи ўринбосари Бахтиёр Мақсудовнинг таъкидлашича, Бухоро шаҳридаги бозорда нархлар ошиб кетмаслиги учун захира маҳсулот тайёрлаш мақсадида асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари: картошка, пиёз, сабзи ва гуруч учун шаҳардаги 21 та тайёрлов корхоналарининг музлаткичли сиғимлари ва омборхоналари жалб қилинган.

Афғонистоннинг «Omar Seyar» LTD компанияси Эрон давлатидан чекланмаган миқдорда сифатли картошка маҳсулотини Бухоро шаҳригача барча харажатлари билан 3 минг сўмдан етказиб беришга келишган. Ўсимлик (кунгабоқар) ёғи ва шакар маҳсулотлари барқарорлигини сақлаш бўйича Россия, Украина ва ҳозирда Жанубий Америка мамлакатлари билан алоқалари мавжуд «Кристина-Магдалена» хусусий корхона билан музокара олиб борилган.

Фото: Бухоро шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Гўшт маҳсулоти бўйича (қорамол гўшти) «Бухоро озиқ-овқат» МЧЖ амалда арзон гўшт маҳсулотларини Ўзбекистонга импорт қилаётганлигини инобатга олиб, ушбу корхонанинг маҳсулотларини Бухоро шаҳрига олиб кириш келишилган. Корхона Молдова давлатидан  гўшт маҳсулотини 30 минг сўмдан олиб кирилишини таъминлайди. Натижасида Бухоро шаҳридаги бозорларда гўшт 45—50 минг сўмгача, шакар 5,5—6 минг сўм, ўсимлик ёғи 10—11 минг сўмгача, картошка маҳсулоти эса 4000 сўмгача сақланиши қўзда тутилган.

Аввалроқ Оқдарёда 2021 йилнинг май ойига қадар захира қилинадиган озиқ-овқатлар ҳажми, Қўрғонтепада эса ўтган 9 ойда қанча картошка етиштирилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Вобкентда 2021 йилнинг май ойига қадар 20 тонна гуруч, Олтиариқда эса 85 гектардан ортиқ майдондаги музхонада мева-сабзавот захиралари сақланиши хабар қилинганди.

Янгиликлар