«Honda» компанияси Россияга автомобиль етказиб беришни тўхтатишини маълум қилди

Япониянинг «Honda» автоконцерни 2022 йилдан бошлаб Россияга автомобиль етказиб беришни тўхтатади. Бу ҳақда «Forbes» ҳабар берди.

Фото: «autoleak.ru»

Компаниянинг маълум қилишича, «Honda Motor» жаҳон автомобилсозлик саноатида давом этаётган ўзгаришлар шароитида амалиётларни реструктуризация қилишга йўналтирилган чораларни амалга оширмоқда.

«Honda» Россияда ўз автомобилларига сотувдан кейинги хизмат кўрсатишни давом эттиришга ваъда берган. Ҳозирда у Россияда дилерлар орқали ўзининг иккита —«Honda CR-V» ва «Honda Pilot» кроссоверларини сотмоқда.

Европа бизнеси ассоциациясининг маълумотларига кўра, Россияда ноябрь ойида 79 дона «Honda» автомобили сотилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки бараварга кам. «Honda» Россияда автомобилларини сотувчи компаниялар орасида 40-ўринда турибди. Компания йил бошидан бери 1383 дона автомобил сотган.

Аввалроқ Япониянинг «Honda» йирик автомобиль компанияси расмий Тwиттер-каналида киберҳужум туфайли ўз ишлаб чиқариш қувватларини тўхтатганини эълон қилган эди. Ҳонда вакиллари таъкидлашича, киберҳужум натижасида компаниянинг ички серверлари зарар кўргани эҳтимоли бор. Сифатни бошқариш тизимларини текшириш учун ишлаб чиқариш жараёни тўхтатилган.

Янгиликлар