«Chevrolet Tracker»нинг Хитойда ишлаб чиқарилган асл варианти Ўзбекистонга юборилди — фото
АҚШнинг «General Motors» ҳамда Хитойнинг «SAIS» қўшма корхонаси ҳисобланган «SAIS-GM» 12 декабрь, шанба кунидан бошлаб янги «Tracker» автомобилини жаҳон бозорига экспорт қилишни бошлади. Бу ҳақда «GM Authority» хабар берди.
Қайд этилишича, шу куни Шенянг шаҳридаги Хуишан темир йўл вокзалида 209 та машинадан иборат бўлган биринчи партия Хитойдан Ўзбекистонга йўл олган. Ушбу автомобиль Ўзбекистон бозорида январь ойи ўрталаридан сотувга чиқишни бошлайди.
Маълумотларга кўра, Хитойда ишлаб чиқарилган ушбу модель илк бор мамлакатдан ташқарига чиқарилди. «Chevrolet Tracker» ички бозорда 2019 йилнинг июнь ойида тақдим этилган эди. Янги «Tracker» Ўзбекистонда «Tracker» номи билан сотиладиган «Chevy Trax» ўрнини босади.
Аввалроқ Жиззахда ноябрдан «KIA» автомобилларининг янги моделлари ишлаб чиқарилиши ҳақида хабар берилганди. Шунигдек, Наманганда «Changan» бренди остида кичик юк автомобиллари ишлаб чиқарилиши хабар қилинган.
Кейинчалик Ўзбекистонда «ŠKODA» брендидаги автомобиллар октябрь ойида тақдим этилиши маълум қилинган. Шунигдек, Ўзбекистонда «Bentley» электромобиллари ишлаб чиқарилиши мумкинлиги хабар қилинган.