Коронавируснинг янги турида қайси вакцина самара бериши мумкинлиги маълум бўлди

Коронавирусга қарши «BioNTech» ва «Pfizer» вакциналари янги COVID-19 штамми — COVID-21’да самарали бўлиши мумкин. Бу ҳақда «Korrepondent» хабар берди.

Фото: Getty Images

«Биз вакцинани аллақачон турли хил мутацияларга эга бўлган вируснинг 20 га яқин турларига қарши синаб кўрдик. Бизнинг вакцинамиз ҳар доим вируснинг барча турларини фаолсизлантириб келган», — дейди «BioNTech» бош директори Угур Шаҳин.

Унинг фикрига кўра, илмий нуқтаи назардан препарат коронавирус мутациясига қарши самарали бўлиши эҳтимоли жуда юқори. Шу билан бирга, компания яқин келажакда вакцинанинг таъсирини батафсил ўрганиб чиқади.

«Энди биз буни тажрибада синаб кўришимиз керак. Бу тахминан икки ҳафта давом этади», — дея қўшимча қилди Шаҳин.

Унинг таъкидлашича, «BioNTech»нинг асосий мақсади келгуси йиллар давомида доимий вакцина ишлаб чиқаришни таъминлашдир. Шу мақсадда компания Майнц ва Идар-Оберстайн (Рейнланд-Пфалз) ва яқинда Марбург (Гессен) шаҳарларидаги фабрикаларидан ташқари қўшимча ишлаб чиқариш қувватларини яратиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Аввалроқ Буюк Британияда коронавируснинг янги тури — COVID-21 аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг Европа мамлакатлари Британия билан авиақатновни тўхтатишни бошлаган.

Янгиликлар