Ниқоб фақат фойдаланиш қоидаларига тўғри риоя қилингандагина самарали бўлади — мутахассис

Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 30 октябрь, жума куни Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Одилова иштирокида брифинг ўтказилди. Унда аҳолидан тушган муҳим саволларга жавоб қайтарилди.

Кадр: YouTube

Хусусан, аҳоли томонидан берилган «Киши вирус билан зарарланган ниқобни тақиб юрса, кўп миқдорда вирус юқадими?» саволига мутахассис қуйидагича жавоб берди:

«Тиббий ниқобни тақишдан мақсад— ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган касалликлар тарқалишининг олдини олиш. Бемор киши ниқобни касаллик манбаи бўлмаслик учун ҳам тақиш керак. Соғлом инсонлар эса касалликдан ўзларини мухофаза қилиш учун ҳам ундан фойдаланишлари зарур».

Шунингдек, мутахассиснинг сўзларига кўра ниқоб фақат фойдаланиш қоидаларига тўғри риоя қилингандагина самарали бўлади. Бунинг учун ниқобни тўғри танлаш (махсус матодан тайёрланганлиги, уй шароитида камида 6—8 қаватли докадан), уни тўғри тақиш (бурун ва оғизни тўлиқ ёпиши), тез-тез алмаштириб туриш (ҳар 2—3 соатда) зарур. Бемор ниқобни хонада бир ўзи бўлганда тақмаслиги мумкин, бироқ ушбу хонага беморни парваришловчи оила аъзолари кирганида, албатта, ниқобда бўлиши, хонада ҳар 2 соатда намли тозалаш ишлари ўтказилиши ва кунига 3—4 маҳал шамоллатиб, тоза ҳаво келишини таъминлаш зарур. Мана шунда инсон хонада вируснинг турли сатҳ ва юзаларда ўтириб қолишини олдини олган ва хонада вирус тўпланишидан ҳимояланган бўлади.

Таъкидланишича, беморда касалликнинг оғир ёки енгил кечиши унинг ниқоб тақишига эмас, балки ундаги мавжуд сурункали касалликлар ва уларни келтириб чиқарувчи хавф омилларининг (нотўғри овқатланиш, жисмоний нофаоллик, зарарли одатларга берилганлик) мавжудлиги сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун бемор, албатта, оиланинг бошқа аъзоларидан алоҳидаланиши, кунига камида 3—4 литр илиқ ҳолдаги суюлик ичиши, кунига 5—6 маҳал овқатланиши (бунда асосий эътибор суюқ овқатлар  ва хом мева ва сабзавотларга қаратилиши лозим), ҳолатига кўра жисмоний фаол бўлиши, айниқса, нафас машқларини бажариши ва тўғри парваришланиши жуда зарур. Энг асосийси — барча даво муолажали фақат шифокор тавсиясига мувофиқ бажарилиши керак.

Аввалроқ артериал гипертонияси бор инсонда коронавирус оғир кечиши маълум қилинганди.

Янгиликлар