Артериал гипертонияси бор инсонда коронавирус оғир кечиши маълум қилинди

АОКА залида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова иштирокида 1 октябрь, чоршанба куни ўтказилган брифингда короновирус артериал гипертонияси бор инсон учун қанчалик хавфли эканлиги борасида маълумот берилди.

Кадр: YouTube

Маълумотларга кўра, гипертония — қон томирларининг нерв-функционал фаолияти бузилиши натижасида келиб чиқадиган касаллик. Бу касаллик асосан 40 ёшдан катталарда учрайди, лекин сўнгги йилларда ёшларда ҳам тез-тез кузатилмоқда. Бу дарддан аёллар ҳам, эркаклар ҳам бир хил азият чекишади.

Таъкидланишича, артериал гипертония билан касалланган беморлар жуда тез ва оғир пневмонияни ривожлантирадиган биринчи рақамли хавф гуруҳига киради. Сурункали юрак етишмовчилиги бор беморларда короновирусли пневмония ва инфекция ҳамроҳ касаллиги йўқ беморларга нисбатан оғирроқ кечади.

«Бу беморлар ўзларида коронавирус касаллигига хос бирор клиник белгиларни сезсалар, дарҳол ҳуддудий шифокорларга мурожаат этишлари шарт. Улар уй шароитида ўз-ўзини даволаш билан  шуғулланишлари ман этилади. Чунки уларда тезда пневмония ривожланиши ва унинг оғир кечиши кузатилиши мумкин.

Кўп давлатларнинг барча изланишлари ва кузатувлари шуни кўрсатдики, короновирус пневмониясидан вафот этганларнинг 50 фоизида артериал гипертония касаллиги бўлган.

Шунинг учун юрак-қон томир патологияси, қон босими ҳамда юрак етишмовчилиги бор беморлар ҳудудий поликлиникаларида диспансер назоратда бўлишлари, ўзларида ўзгаришлар сезсалар, шу заҳоти шифокорга мурожаат этишлари, жамоат жойларига зарурат бўлмаса бормасликлари, имкони бўлса уйдан ишлашлари, ўз-ўзини даволаш билан  шуғулланмасликлари, вақти-вақти билан қон босимларини ўлчатиб туришлари ва шифокор тавсия этган даво муолажаларини вақтида олиб туришлари зарур.

Даволаш пайтида беморлар ҳар қандай стресс ёки ҳиссий зўриқишдан йироқ бўлгани маъқул», — дейди Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси.

Барно Абдусаматованинг айтишича, беморларга очиқ ҳавода: сувлар атрофида, боғда сайр қилиш тавсия этилади. Шунингдек, мутахассис тўғри овқатланиш гипертонияни муваффақиятли даволашда муҳим ҳисобланишини маълум қилди.

Маълумот ўрнида, дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 34 миллиондан ошди. Шунингдек, Ўзбекистонда 30 сентябрь соат 23:30 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 56 825 нафарни ташкил этган. Касалликдан вафот этганлар сони 470 нафарга етган.

Аввалроқ Хитой коронавирусга қарши оммавий тарзда эмланишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар