Коронавирус ўпкадан ташқари организмнинг бошқа аъзоларини ҳам зарарлайдими? Мутахассис жавоб берди

Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбари Адҳам Баҳромов коронавирус нафақат ўпка, балки организмнинг бошқа аъзоларини ҳам зарарлаши мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

«Афсуски, бу вирус кундан-кунга ўз қиёфасини ўзгартиряпти. Дунё олимлари қатори мамлакатимизда вируснинг кечиши билан боғлиқ ҳолатлар доимий равишда ўрганиб борилмоқда. Шунинг учун даволаш стандартлари тез-тез ўзгаряпти, унга қўшимчалар киритиб борилмоқда.

У марказий нерв тизимига, қолаверса, инсон организмининг турли аъзоларига ўз таъсирини кўрсатяпти. Шунинг учун сурункали хасталиклари бор инсонлар ўзини эҳтиёт қилиши лозим. У ёки бу хасталикдан даволанган кишилар ҳам соғликларига эътиборли бўлишлари зарур», — дейди Адҳам Баҳромов.

Шунингдек, мутахассис касалликни енгишнинг асосий омили соғлом овқатланиш, жисмоний ҳаракатларни ўз вақтида амалга ошириш эканлигини таъкидлади.

Аввалроқ Россия Ўзбекистонга 35 миллион доза коронавирусга қарши вакцина етказиб бериши, Aндижонга COVID-19’га қарши курашда кўмаклашиш учун 35 нафар россиялик шифокор келгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар