«Ўзбекистон ёшлари форуми» ёшларнинг таклифлари учун очиқ майдонга айланди
Жорий йилнинг 18-25 декабрь кунлари республикамизнинг барча ҳудудларида «Ўзбекистон ёшлари форуми — 2021» бўлиб ўтди. Эътиборлиси, бу йил илк маротаба хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандош ёшларимиз учун ҳам «Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» ташкил этилди. Мазкур форум доирасида 40 га яқин лойиҳа ва тадбирлар бўлиб ўтди.
Форум аввалида ёшлар 12 декабрга қадар https://yoshlarforumi.uz платформаси орқали ўзларининг таклиф, ташаббус ва ғояларини юборишлари учун имконият яратилди. Бунда ёшлардан жами 7956 та таклифлар келиб тушган бўлиб, вазирликлар, идора ва ташкилотлардан иборат экспертлар гуруҳи энг яхши 200 та таклифларни саралаб олишди. ТОП-200 таликка кирган ёшларга электрон тарзда форумда иштирок этиш учун таклифнома юборилди. Уларнинг ҳудудлардан Тошкент шаҳрига келиб форумларда шахсан иштирок этишлари билан боғлиқ барча харажатлари (транспорт, овқатланиш ва меҳмонхона кабилар) Ёшлар ишлари агентлиги ҳисобидан амалга оширилди.
18 декабрь куни Ёшлар ижод саройида форумнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев сўзга чиқиб, «Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар ва https://yoshlarforumi.uz платформаси орқали келиб тушган таклифлар статистикаси ҳамда уларнинг истиқболи хусусида тақдимот қилди.
Форум доирасида Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркида 18-19 декабрь кунлари «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳасининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Бунда турли йўналишлар кесимида 245 та тақдимот намойиш этилди. Бунда энг яхши лойиҳа эгаси бўлган 100 нафар ёшлар ғолиб деб топилиб, улар ўз ғояларини реал ҳаётда татбиқ этиш имконини қўлга киритдилар. Ғолибларга «Ўзбекистон учун 100 ғоя» логотипи туширилган махсус статуэтка ва диплом, Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопарки Coworking имкониятларидан 3 ой бепул фойдаланиш учун ваучер, IТ-парк томонидан махсус акселерация дастурига сертификат ва Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев томонидан 10 000 000 сўм пул мукофоти топширилди.
Бундан ташқари, финал доирасида иштирок этган, аммо ғолибликни қўлга кирита олмаган иштирокчилар ҳам 3 000 000 сўмдан пул мукофоти, «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳасининг махсус дипломи ва IТ-парк томонидан махсус акселерация дастурига сертификат билан тақдирландилар.
Ёшлар ижод саройида «Қизлар овози» мактабининг учинчи мавсумида иштирок этган 8 та жамоанинг финал лойиҳалар тақдимоти ҳам намойиш қилинди. Мустақил экспертлар томонидан ғолиблар аниқланди ва клубнинг бир йиллик фаолияти учун янги координаторлар сайланди.
Илк маротаба «Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган ёшларимизни ҳам қамраб олди. 18-24 декабрь кунлари 6 та хорижий давлатда — АҚШ, Буюк Британия, Туркия, Жанубий Корея, Россия, Германияда «Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» доирасидаги бир қатор лойиҳа ва тадбирлар ўтказилди.
18 декабрь куни Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида, Туркиянинг Истанбул, Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ҳамда 24 декабрь куни Германиянинг Берлин, Россиянинг Москва, АҚШнинг Вашингтон шаҳрида ушбу мамлакатларда таҳсил олаётган ҳамда фаолият юритаётган ёшлар иштирокида «Ўзбекистон ёшлари форуми» тадбирлари бўлиб ўтди.
Сеул шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олаётган ватандош ёшларимиз илм-фан ҳамда технология соҳасида ўз илмий ишларининг тақдимотини ўтказдилар.
Истанбул шаҳридаги форумда «Туркия ёшлар анжумани» ўтказилиб, ёшларнинг «Учинчи ренессанс», «New Media» каби йўналишлардаги ғоялари ўрганилди.
Лондон шаҳрида ёш ватандошларимиз учун «Ўзбекистон ёшлари форуми – Буюк Британия» конференцияси ташкил этилди. Ундан турли мавзуларда музокаралар, давра суҳбатлари, мотивацион учрашувлар, викториналар, «Заковат» интеллектуал ўйини, «Мунозара» дебат беллашуви ва бошқа тадбирлар ўрин олди.
Форум доирасида хорижда истиқомат қилаётган ватандош ёшларимиз билан Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев онлайн мулоқот қилиб, уларнинг таклиф ва ғояларини эшитди.
«Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» ҳафталиги доирасида 19 декабрь куни «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган фестиваль бўлиб ўтди. Тадбир давомида Қуролли Кучлар фахрийлари, аҳоли, ўқувчи-ёшлар, курсантлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида мажмуа бўйлаб экскурция ташкил этилди.
Фестиваль доирасида «Бир жавобга – бир китоб» акцияси ҳам ўтказилди. Акция доирасида ҳарбий-ватанпарварлик, ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги жасоратига оид саволлар асосида викторина ўйинлари ҳам ўтказилди. Викторина саволларига тўғри жавоб берган ёшларга китоблар совға қилинди.
Ҳафталик давомида ёшлар ўртасида энг оммавий бўлган «Modul 5», «Marketing.uz», «Design club», «Youtube Uzbekistan» каби лойиҳалар, «Agro marafon», «Yoshoila.uz» электрон платформасининг тақдимоти, «Zamonaviy taʼlim bolalar nigohida (Z-avlod)», «Беш муҳим ташаббус: имконият ва истиқболлар», «Кучли ижтимоий иқтисод: моҳият ва имкониятлар», «Ёшлар ҳуқуқлари ва глобал муаммолар», «Илм-фан – инновацион тараққиёт асоси» талабалар ва ёш олимлар сессиялари, «Замонавий медиа ва ёшлар» каби тадбирлар бўлиб ўтди.
Шунингдек, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида «Талабалар фестивали» доирасидаги 20 та танловнинг якуний босқичи ғолиблари тақдирланди.
Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев форумнинг республика босқичига ҳудудлардан келган 200 та сара таклиф муаллифи бўлмиш ёшларни «Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» элчилари, дея эътироф этди.
«Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021» ҳафталигининг расмий ёпилиш маросими 25 декабрь куни Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманида жойлашган Astrum IT академиясида кўтаринки руҳда ўтказилди. Форум доирасида ўзининг таклиф ва ташаббуслари билан фаол иштирок этган 250 дан ортиқ ёшлар Ёшлар ишлари агентлиги томонидан тақдирландилар.