Гарвард университетининг халқаро талабаларни қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинди
Трамп маъмурияти Гарвард университетининг халқаро талабаларни қабул қилиш ҳуқуқини бекор қилди. Бу ҳақда Ички хавфсизлик котиби Кристи Ноэмга таяниб BBC хабар берди.
АҚШ Ички хавфсизлик департаменти Гарвард университетининг талабалар ва алмашинув дастурлари (SEVP) бўйича сертификатини бекор қилди. Бу қарор туфайли университет 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб F- ва J-виза эгалари бўлган халқаро талабаларни қабул қила олмайди.
Ноэмнинг айтишича, қарор Гарвард университетининг «қонунларга амал қилмагани» сабабли қабул қилинган. У буни АҚШдаги бошқа олий таълим муассасаларига огоҳлантирув деб баҳолади.
Гарвард эса баёнотида бу қарорни «ноқонуний» деб атади ва халқаро талабаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди. Университет маълумотларига кўра, ўтган ўқув йили давомида кампусда 6,7 мингдан ортиқ халқаро талаба таҳсил олган, бу эса умумий талабаларнинг 27% ини ташкил этади.
Ички хавфсизлик департаменти Гарвардга халқаро талабалар ҳақидаги кенг қамровли ҳужжатларни, жумладан, сўнгги беш йилдаги интизомий материалларни, «ноқонуний» ёки «зўравон» ҳаракатлар акс этган аудио, видео ёзувларни топширишни талаб қилган. Университет бу талабларни 72 соат ичида бажарса, қабул қилиш ҳуқуқи қайта тикланиши мумкин.
Ушбу қарор халқаро талабалар орасида катта хавотир уйғотди. Улар АҚШда қолиш ва ишлаш имкониятларининг ноаниқ бўлиб қолганини билдирган. Гарвард маъмурияти бу ҳаракатни университетга нисбатан қасддан босим ўтказиш деб баҳолаб, АҚШдаги академик ва интеллектуал эркинликларга таҳдид деб атади.
Мазкур қарор фонида Калифорния суди Трамп маъмуриятининг халқаро талабалар мақомини бекор қилиш бўйича умумий сиёсатини вақтинча тўхтатди ва уни суд жараёни давомида амалга оширишни тақиқлади.