Ўзбекистонда ўтган 11 ойда оиласида тазйиқ ва зўравонликка учраган қанча хотин-қиз «ҳимоя ордери» олгани маълум бўлди
Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь–ноябрь ойларида оиласида тазйиқ ва зўравонликка учраган қарийб 10 минг нафар аёлнинг «ҳимоя ордери» олгани маълум бўлди. Бу ҳақда «Daryo» хабар қилди.
Хабарга кўра, гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича 21 декабрь куни ўтказилган комиссия мажлисида бу ҳақда сўз борган. Таъкидланишича, Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан бўлаётган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари мамлакатнинг гендер масаласига оид халқаро рейтингларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, комиссия раиси Танзила Норбоева 2020 йилнинг январь—ноябрь ойида «ҳимоя ордери» олган аёлларнинг қарийб 10 минг нафари оиласида тазйиқ ва зўравонликка учраганини маълум қилган.
«Ўтган 11 ой давомида ички ишлар органлари томонидан турли тазйиқ ва зўравонликка учраган 11 минг 138 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Уларнинг 9 минг 916 нафари ёки 89 фоизи оилада тазйиқ ва зўравонликка дуч келган. Бу каби ҳолатлар гендер масаласига оид халқаро рейтингларимизга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ушбу кўрсаткичларнинг барчаси халқаро миқёсда таҳлил қилинади. Лекин ҳар доим таъкидлаганимдек, биз рейтинг учун эмас, асосан, аёлларимиз манфаати, тинч-хотиржамлиги ва оилаларимиз мустаҳкам бўлиши учун курашамиз. Шу мақсадда янада жиддий ишласак, рейтинглардаги ўрнимиз ҳам ўз-ўзидан яхшиланади. Рейтингларни ёмонлиги эса қилаётган ишларимиз самара бермаётганлигини кўрсатяпти», — дейди у.
Мавзуга доир:
Бундан ташқари, Танзила Норбоева 2020 йилнинг декабрь ойига қадар реаблитация марказлари томонидан 5 минг 876 нафар аёлга ёрдам кўрсатилганини ҳам таъкидлаб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода ўғли томонидан камситилиб, руҳий зўравонлик қилинган онага ҳимоя ордери берилган эди. Шунингдек, Фарғонада оиласида мунтазам келишмовчилик бўладиган аёлга ҳимоя ордери берилгани хабар қилинган.