«Қўшиқларимдан хоҳлаганингни танлаб айт». Юлдуз Усмонова Санжайга қўнғироқ қилди

Хонанда Санжай 21 декабрь куни ўзининг Instagram’даги саҳифасида ўзбек шоу-бизнеси примадоннаси Юлдуз Усмонова унга қўнғироқ қилгани ҳақида гапирди.

Коллаж: «Tez News»

Таъкидланишича, хонанда судлангандан кейин шоу-бизнес вакилларидан ҳеч ким қўнғироқ қилиб, ҳол-авҳол сўрамаган. Фақатгина Юлдуз Усмонова ундан аҳволини сўраб, тушкунликка тушмаслигини таъкидлаган.

https://www.instagram.com/p/CJDbrHSpYL_/

«Кеча кечқурун оилам билан кинотеатрга боргандик. Шу пайти телефон бўлиб қолди. SMS келди, мен Юлдуз Усмонованинг админстратори бўламан, телефон қилиб юборинглар, деди. Кинодан чиқиб, телефон қилдим. Юлдуз опанинг сизга бир оғиз сўзлари бор, деб айтди.

Мен кутмагандим. Ҳақиқатан ҳам кеча Юлдуз опа билан гаплашдим. Юлдуз опа телефон қилдилар, ўзлари билан гаплашдим. Мен кутмагандим, бу қўнғироқни. Мана шоу-бизнес вакилларидан қанча танишим бўлса, ҳеч ким суд нима бўлди деб сўрамади. Кайфиятингни тушурма, деб айтган одам бўлмади.

Лекин мен тан бердим, Ўзбекистон шоу-бизнесининг примадоннаси ўзлари телефон қилиб, укажоним, хафа бўлмагин. Ишларинг зўр бўлади, сен ижодкорсан, ижодингни қилгин. … Худо хоҳласа дуэт масаласини ҳам гаплашдик», — дейди хонанда Санжай.

Шунингдек, у Юлдуз Усмонованинг «Сени осмонимга олиб кетаман» номли таронасини кавер қилишини маълум қилган.

Аввалроқ Санжай «Карвон»ни янги талқинда куйлашини айтганди. Хонанда Санжайнинг сўзларига кўра, у мазкур қўшиқни бошқа куйламаслигини билдириб ариза ёзган. Лекин хонанда қўшиқнинг мусиқаси унга тегишли эканлигини таъкидлаб, уни янги талқинда куйлашини ҳам ошкор қилди.

Эслатиб ўтамиз, xонанда Санжай бир қанча қўшиқ ва шеърларни муаллифларнинг розилигисиз ижро этгани сабабли унинг «иши» судга оширилгани хабар қилинганди. Шундан сўнг хонанда Зоҳиршоҳ Жўраев YouTube’даги «Salom Live» кўрсатувига берган интервьюсида Санжайга нисбатан муносабати ҳақида гапирганди.

Шоҳжаҳон Жўраев 4 декабрь куни ўзининг Instagram’даги саҳифасида журналист Феруза Фаттоҳова томонидан эълон қилинган постни жойлаган. Унда таъкидланишича, Жўраевлар оиласи Санжай томонидан қўшиқларнинг кавер қилинишига эмас, «Карвон» қўшиғига ишланган клипда Шерали Жўраевнинг сурати деворга чизиб кўрсатилганига эътироз билдирган.

Aктриса Халима Ибрагимова ҳам ўзининг Instagram саҳифасида Зоҳиршоҳ Жўраевнинг Санжайга нисбатан айтган гапларини, танқидини маъқуллаган ва у тўғри иш қилганини таъкидлаган. Шунингдек, хонанда Санжай Зожиршоҳ Жўраев билан ёзишмасини жавоб тариқасида Instagram саҳифасида эълон қилганди.

Янгиликлар