Транспортдан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлганларнинг гувоҳномалари 1 январдан ўз кучида қолади

Шаҳар йўловчи транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг ягона гувоҳномалари 1 январдан ўз кучида қолади. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, шаҳар йўловчи транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг ягона гувоҳномалари 2021 йилнинг 1 январидан ўз кучида қолади. Яъни мазкур гувоҳномалар 2021 йилнинг 1 январидан электрон шаклга ўтказилмайди.

Шаҳар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ, қуйидаги шахслар шаҳар йўловчи транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга:

  • 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар;
  • 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;
  • 1941–1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар;
  • Афғонистонда ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналмилалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;
  • ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар;
  • Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар;
  • кўзи ожиз ногиронлар ва кўзи ожиз ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс.

Ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларга гувоҳнома берилмайди. Улар ҳарбий гувоҳномаси ёки контракт асосида хизмат қилувчининг шахсий гувоҳномасини кўрсатган тақдирда шаҳар йўловчи транспортида (таксидан ташқари) бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда жамоат транспортларида нақд пул орқали тўлов қилиш тизими бекор қилиниши мумкинлиги айтилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда кунига қанча фуқаро жамоат транспортидан фойдаланиши, Тошкентда ягона жамоат транспорти картаси пулли бўлгани маълум қилинган.

Янгиликлар