2025 йилда Ўзбекистоннинг давлат қарзи $45 млрддан ошади
Ўзбекистон давлат қарзи 2025 йил якунида 45,1 миллиард долларга етиши мумкин. Бу ҳақидаИқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Фуқаролар учун буджет» нашрининг кейинги йил учун ишлаб чиқилган лойиҳасида қайд қилинган.
Давлат ташқи қарзи 2024 йил якунида 33,9 млрд доллар (ЯИМга нисбатан 30,3 фоиз), 2025 йилда 39,4 млрд доллар (ЯИМга нисбатан 32,1 фоиз) бўлиши кутилмоқда.
Жорий йилда ташқи қарз олиш чегараси 5 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 5,5 млрд долларгача оширилади. Ушбу маблағнинг 3 млрд доллари давлат буджетини қўллаб-қувватлашга, 2,5 млрд доллари эса инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.
Кейинги йилда Ўзбекистон номидан 30 трлн сўмлик давлат қимматли қоғозлари чиқарилиши ҳам кўзда тутиляпти.