Тошкент вилоятида қарийб 12,3 кг гиёҳвандлик воситаларининг айланмаси тўхтатилди

Тошкент вилоятида катта миқдорда гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Зангиота туманилик фуқаронинг яшаш хонадонидан 5 кг ҳамда Қибрай туманида истиқомат қилувчи шахснинг уйидан эса 2 кг 326 гр «Марихуана» гиёҳвандлик воситаси олинган.

Аниқланишича, ҳар икки ҳолатда ҳам наркотик моддани яшаш хонадонларида етиштириб, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келишган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Бошқа ҳолатда эса Россия Федерациясидан олиб келинаётган гиёҳвандлик воситаси тўхтатиб қолинди.

Жумладан, Тошкент туманидаги «Навоий» чегара божхона постига Қозоғистондан кириб келган Тошкент шаҳрида яшовчи, ҳамда Фарғона вилоятида яшовчи шахсларга тегишли 2 дона редуктор текширилганда, унинг ичида 4 кг 965 гр «Клефедрон» синтетик наркотик моддаси аниқланган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, Тошкент шаҳрида ушбу моддаларни қабул қилиб олган, уларнинг яна 3 нафар шериклари ҳам қўлга олинган. Аниқланишича, наркотик модда турли мессенжерлар орқали гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи Россия Федерацияси фуқароси томонидан юборилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

AI News