Жаҳон банки Тошкент шаҳридаги ҳаво сифатини яхшилаш учун тавсиялар берди

Жаҳон банкининг янги ҳисоботига кўра, Тошкент шаҳридаги ҳаво сифати билан боғлиқ муаммолар аҳоли саломатлиги ва иқтисодиёт учун жиддий хавф туғдирмоқда. Шу сабабли, ташкилот ҳаво сифатини бошқаришни такомиллаштириш учун «Йўл харитаси»ни тақдим этди.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида тайёрланган.

Ҳисоботда Тошкентдаги ҳаво сифати ҳақида тўхталиб ўтилади. Хусусан, ҳаводаги диаметри 2,5 микрон бўлган муаллақ заррачалар (PM2,5) инсон саломатлигига катта хавф туғдириши қайд этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бу заррачаларни ҳавонинг энг хавфли ифлослантирувчилари деб тан олган.

Тошкентдаги ҳаво сифатини мониторинг қиладиган IQAir портали маълумотларига кўра, пойтахт кўпинча дунёнинг энг ифлосланган шаҳарлар қаторига киради.

Ҳисоботга кўра, PM2,5 заррачалари билан боғлиқ ифлосланиш Тошкентда қиш ойларида максимал даражага етади ва халқаро стандартлардан сезиларли даражада ошади. Бу заррачалар билан ифлосланиш нафақат аҳолининг саломатлигига, балки мамлакатнинг иқтисодий ҳолатига ҳам сезиларли зарар етказмоқда. Баҳолашларга кўра, Тошкент шаҳридаги ҳаво ифлосланиши Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 0,7 фоизига тенг зарар келтириши мумкин.

PM2,5 нинг асосий манбалари сифатида Тошкентда иситиш сектори (28%), транспорт (16%) ва саноат (13%) кўрсатилган. Ёз ойларида эса шамол ташиб юрадиган чанг каби трансчегаравий манбалар устунлик қилади.

Ҳисобот Ўзбекистонда ҳаво сифатини яхшилаш учун “йўл харитаси”ни тақдим этади. Унга кўра, ҳаво сифатини бошқариш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш, янги стандартлар қабул қилиш ва саноат, транспорт ҳамда энергия самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирлар таклиф этилган. Хусусан, аҳолига экологик тоза иситиш усулларига ўтиш ва биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш учун молиявий ёрдам кўрсатиш тавсия этилган.

Ушбу ҳисобот Жаҳон банки ва Ўзбекистон ҳукуматининг ҳаво сифатини яхшилаш бўйича ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларини давом эттиришга қаратилган бўлиб, бу борадаги комплекс ёндашувни таъминлашга қаратилган.

Аввалроқ, Тошкентда ҳавонинг ифлосланиш сабаблари аниқлангани ҳақида маълумот берган эдик.

Тошкент