Кипр НАТОга аъзо бўлмоқчилигини маълум қилди
Кипр президенти Никос Христодулидис мамлакат НАТОга аъзо бўлмоқчи эканини айтди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Кипр ҳозирда Вашингтон билан альянсга қўшилиш йўлларини муҳокама қилмоқда.
Туркиянинг эътирозлари туфайли Кипр НАТОга аъзо давлат бўла олмаслиги мамлакат армиясини модернизация қилиш ва ҳарбий техника сотиб олиш бўйича кўплаб имкониятлардан маҳрум қилади, деди Христодулидис.
У Кипр АҚШ билан республиканинг иттифоққа аъзо бўлишининг уч даражасини муҳокама қилаётганини айтди. Кипрнинг тийиб туриш салоҳиятини мустаҳкамлаш биринчи даражали аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Сиёсатчи бу борада НАТО ва АҚШ каналлари орқали ҳам, орол иштирок этаётган Европа иттифоқи мудофаа дастурлари орқали ҳам имкониятлар излаётганини билдирди.
Кипр ҳарбий кучлари АҚШ ёрдами билан зарур тайёргарлик ва асбоб-ускуналарни олгандан сўнг НАТОга аъзо бўлиш учун ариза бериши мумкин, деди у.
Христодулидис Кипрнинг асосий афзаллиги орол «алоҳида геостратегик аҳамиятга эга бўлган ҳудудда» жойлашганини айтди.
У, шунингдек, оролнинг ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво базаларини модернизация қилиш бўйича қарорлар қабул қилингани, Кипр Европа иттифоқи билан ҳарбий-денгиз объектлари, АҚШ билан эса ҳарбий-ҳаво объектлари бўйича музокаралар олиб бораётганини тасдиқлади.