Энергетика тизими куз-қиш мавсуми режимига ўтди
Ўзбекистон энергетика тизими куз-қиш режимига ўтказилиб, мавсумни беталафот ўтказиш учун 24/7 тартибида навбатчилик ташкил этилди.
Қайд этилишича, 2025 йилнинг ўтган даврида мамлакат бўйлаб 7 минг километрдан ортиқ электр узатиш тармоқлари ва 1 731 та трансформатор пункти янгиланган. Бунинг натижасида 954 та маҳалладаги 800 мингдан ортиқ хонадонларнинг электр таъминоти яхшиланган.
Шунингдек, жорий йил ёз мавсумида республиканинг электр энергия истеъмоли соатига 13,3 гигаватт, яъни кунига 270-275 миллион кВт соат бўлган бўлса, қиш мавсумида соатига 13,5 гигаватт, кунига эса 290-300 миллион кВт соатгача кўтарилиши маълум қилинди.
Ўтган йили 81,5 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, 2025-йил якуни билан 85,5 млрд кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. 2025-йил якуни билан умумий қуввати 3 000 мегаваттдан ортиқ бўлган қуёш ва шамол, 1 167 мегаватт қувватли иссиқлик электр станциялари, 1 500 мегаваттдан ортиқ энергия сақлаш тизимлари фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, 538 км узунликдаги юқори ва ўрта босимли газ тармоқлари ва 951 та газ тақсимлаш пунктлари янгиланиб, модернизация ва реконструкция қилинган. Жумладан йил бошидан 464 минг тонна суюлтирилган газ етказилиб, йил якунига қадар яна 199 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилади.
Бундан ташқари, республиканинг барча ҳудудларида суюлтирилган газ етказиб бериш учун қўшимча 29 мингдан ортиқ маиший газ баллонлари захираси яратилгани ҳабар қилинди.