Овқатланиш жойларида мижозлардан огоҳлантиришсиз 10-15% хизмат учун қўшимча тўлов олиш қонунбузарлик — Рақобат қўмитаси

Рақобат қўмитаси республикада барча турдаги умумий овқатланиш корхоналарини хизмат учун қўшимча тўлов олишдан огоҳлантирди.

Хусусан, қўмитага умумий овқатланиш корхоналари фаолияти бўйича истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатларда айрим ресторан ва кафеларда таомлар нархидан ташқари 10–15 фоиз, баъзан эса 20 фоизгача хизмат ҳақи қўшимча тўлов сифатида ундирилаётгани ҳамда аввалдан депозит маблағлар талаб қилинаётгани ҳақида фикрлар билдирилган.

Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 4, 19 ва 21-моддаларига асосан:

• истеъмолчи товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, уларни эркин танлаш ҳамда сифатли бўлишига талаб қилишга ҳақли;

• ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт;

• сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

Рақобат қўмитаси умумий овқатланиш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларини қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга йўл қўймасликлари, яъни умумий овқатланиш корхоналари турларидан келиб чиқиб истеъмолчиларнинг ўз-ўзига хизмат қилиш имкониятини яратиш, таомлар нархи, хизмат кўрсатиш тартиби ва улар билан боғлиқ шартлар, шу жумладан официант хизмати учун ҳақ миқдори ҳақидаги маълумотлар билан ўз вақтида тўлиқ таништириб ўтишлари лозимлиги борасида огоҳлантиради, — дейилади хабарда.

 

AI News