Хонанда Санжайнинг «иши» судга оширилди

Хонанда Санжай бир қанча қўшиқ ва шеърларни муаллифларнинг розилигисиз ижро этгани сабабли унинг «иши» судга оширилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги хабар берди.

Кадр: YouTube

Маълум бўлишича, хонанда Жавбердиев Санжар «Гулбадан», «Атиргулим атрингни соч», «Карвон» каби қўшиқларини муаллиф — Ўзбекистон ҳалқ артисти Шерали Жўраев ҳамда шеърлар муаллифи — Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимовдан ҳеч қандай розилик олмасдан ва улар билан шартнома тузмасдан, аслини ўзгартирган ҳолда ижро этиб келган.

Бу эса Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамиятининг Шерали Жўраев ва муаллиф Усмон Азимовнинг ишончли вакили сифатида хонанда Санжайга «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунни бузганлиги учун чора кўриш юзасидан ариза билан мурожаат қилишига сабаб бўлган.

Таъкидланишича, «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига кўра, асар (қўшиқ)ни омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177(1)-моддаси биринчи қисмида белгиланган асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, худди шунингдек, асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини такрорлаш, тарқатиш ҳолатлари мавжуд деб ҳисобланиб, Санжайга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган ва тегишлилиги бўйича судга юборилган.

«Мақсадимиз интеллектуал мулк муаллифлари ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва муаллиф ижодидан рухсат олиб фойдаланиш лозимлигини етказишдир», дейилади агентлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хонанда Санжай ўзбеклар ўртасида бирдамлик йўқлигини айтгани учун танқид қилингани ҳақида хабар берилган эди.

Шоу-бизнес