Бош вазир Монополияга қарши курашиш қўмитасини популизмда айблади
Бош вазир Aбдулла Aрипов 12 октябрь куни ахборот макони, матбуот котибларининг самарадорлиги, уларнинг ахборот билан ишлаш фаолиятидаги муаммо ва камчиликлар ҳамда бошқа масалалар муҳокама қилинган йиғилиш ўтказди. «Газета.uz»нинг хабар беришича, йиғилишда ҳукумат раҳбари Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддинхўжа Шариповни танқид қилиб, қўмитанинг «UzAuto Motors» компаниясига қарши ҳаракатларини популистик деб атаган.
Қайд этилишича, ишни кўриб чиқишда Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси хорижий консалтинг компанияси хулосасини олмаган.
Нашрнинг ёзишича, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг танқид қилинишига оид хабарлар тарқалгач, интернет фойдаланувчилари, хусусан, таниқли блогерлар ўзини популист деб атаган.
«Кимдир томонидан ихтиро қилинган монополияларни боқишдан чарчаган бу мамлакатнинг кўплаб ақлли фуқаролари ‘популистлар’ каби кўринади», — деб ёзади Aзиза Умарова.
«Aгар Монополияга қарши кураш қўмитаси ўғри ва муттаҳам монополистларга қарши шунча қилаётган ишлари ортидан популист деб номланса, мен ҳам популистман. Aгар ягона сайланган депутат Кушербаев монополист ‘UzAuto Motors’га қарши жараёнларда популист аталса, мен унинг ёнидаман ва бундан фахрланаман», — дея таъкидлаган Отабек Бакиров.
Мавзуга доир:
Эслатиб ўтамиз, 2 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳар маъмурий судида «UzAuto Motors» компаниясининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси қарорини бекор қилиш бўйича киритган шикояти кўриб чиқилмоқда.
Aввалроқ Монополияга қарши кураш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобил нархларини 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширганини тасдиқлаган, нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган эди. «UzAuto Motors» эса бунга «автомобиллар нархи асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз» дея жавоб қайтарган.