«Мактабларда ота-оналар мажлиси ўтказилиши мумкинми?» — мутахассис жавоб берди
АОКАда 21 октябрь куни Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда аҳолидан тушган муҳим саволларга жавоб қайтарилди.
«Мактабларда ота-оналар мажлиси ўтказилиши мумкинми?» — деган саволга мутахассис қуйидагича жавоб берди.
«Карантин қоидалари юмшатилишига қарамасдан Махсус комиссиянинг баёнларида мактабларда оммавий тадбирлар ўтказилиши, шу жумладан, ота-оналар йиғилишларини ўтказиш тақиқланган. Пандемия шароитига қарамасдан бугунги кунгда мавсумий касалликларни авж олишини ва коронавирус инфекцияси билан бирга учраши аянчли аҳволларга олиб келиши мумкин», — дейди Ботир Қурбонов.
Аввалроқ Ўзбекистон мактабларида дезинфекция воситаларини харид қилишда ўқитувчилардан пул йиғилмаслиги ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, мактаб ўқувчилари янги ўқув йилида форма киймаслиги ҳамда Янги ўқув йилида мактаблардаги бир қатор фанлар вақтинча ўтилмаслиги мумкинлиги маълум қилинганди.