Тошкент вилоятида 4,8 млрд сўмлик синтетик гиёҳванд моддалар ташиган эркак қўлга олинди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида катта миқдордаги синтетик гиёҳванд моддаларни олиб ўтаётган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИББ матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 33 ёшли эркакни узатмалар қутисида 6 кг синтетик гиёҳванд моддаларни олиб кетаётганида тўхтатган.

12 та қопга қадоқланган гиёҳванд моддалар автомашина қисми ичида сақланган. Мутахассислар фуқаронинг яшаш жойларини кўздан кечирганда, у ерда хам дори воситаларини қадоқлаш учун зарур бўлган воситаларни топган. Уларнинг қора бозордаги баҳоси 4,8 миллиард сўмни ташкил этади, — дейилади хабарда.

Дастлабки тергов натижаларига кўра, гиёҳванд моддалар Қирғизистондан олиб келинган, — дея таъкидлади бошқарма.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар