Ўзбекистон ОТМлари анъанавий таълим шаклига 2-семестрдан олдинроқ қайтиши мумкин
Олий таълим муассасаларида анъанавий таълим шаклига қайтиш имконияти кўриб чиқилади. Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида 17 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу мавзу ҳақида сўз борган. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, видеоселектор йиғилишида ОТМлари анъанавий таълим шаклига 2-семестрдан олдинроқ қайтиши мумкинлиги айтилган.
Йиғилишда муҳокамаларда олий таълим муассасаларида анъанавий таълимга қайтиш имкониятлари масаласи ҳам кўриб чиқилган ҳамда ОТМ ректорларига бу бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган.
Қайд этилишича, олий таълим тизимида анъанавий дарсларга қайтишда, аввало, талабалар ва уларнинг ота-оналари ўртасида сўровномалар ўтказилади. Шунингдек, ОТМ томонидан муассаса имкониятлари таҳлил қилинади, санитария-эпидемиология талаблари асосида ўқув жараёнларини ташкил этиш, талабалар саломатлигини хавф остига қўймасдан талабалар турар жойлари фаолиятини тиклаш имкониятлари кўриб чиқилади.
Бу борада якуний қарор олий таълим муассасалари кенгаши томонидан талабалар, уларнинг ота-оналари таклифларини инобатга олган ҳолда санитария-эпидемиология хизмати тегишли хулосаси асосида қабул қилинади.
Сўровномалар натижаларига кўра ҳамда ОТМ имкониятларидан келиб чиққан ҳолда республикадаги олий таълим муассасаларида анъанавий таълим шаклига рухсат этилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда тиббиёт Олий таълим муассасаларида анъанавий шаклда ўқиш бошлангани ҳақида хабар берилганди.