Қўштепа тумани ҳокими ўтказган қабулда 9 та мурожаат тингланди (фото)
Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳокими Илёс Новиков ўтказган қабулда 6 мурожаат ҳал этилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туман ҳокими Илёс Новиковнинг «Ғиштмон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Ғиштмон» маданият марказида ҳоким ўринбосарлари ва бир қатор идоралар раҳбарлари иштирокида сайёр қабули ўтказилган.
Қабул давомида 9 нафар аҳоли вакиллари турли соҳадаги масалалар билан иштирок этган. Сайёр қабулда кўтарилган масалаларнинг 3 тасига тушунтиришлар берилган ҳамда 6 та мурожаат ўрганиб ижобий ҳал этиш учун муддатлар белгиланиб, масъулларга тегишли топшириқлар берилган.
Сайёр қабулдан сўнг туман ҳокими «Ғиштмон» маданият марказида куз-қишга тайёргарлик ишлари билан ҳам танишган. Сўнгра туман ҳокими МФЙ ҳудудида нарх-наволарни ўрганиш мақсадида савдо дўконларида ҳам бўлган.
Сотувчи ва харидорлар билан карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш, фуқаролар ўртасидаги оралиқ масофани сақлаш, савдо маданиятига амал қилиш юзасидан мулоқот қилган. Бундан ташқари, сотувчиларга асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нарх-наволарини асоссиз ошириш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан кўрсатмалар берилган.
Бундан аввал Қўштепада умумий қиймати 3,2 миллиард сўм бўлган «Тиббий антисептик воситалар» лойиҳаси амалга оширилгани ҳамда Қўштепа туман прокурори ўтказган сайёр қабулда 2 кишининг мурожаати жойида ҳал этилгани ҳақида хабар қилинган эди. Сўнгра Қўштепа туман ҳокими «темир дафтар»га киритилган оилалар билан суҳбатлашгани ва Қўштепа тумани ҳокиминиг қабулида 40 тага яқин мурожаат тинглангани маълум қилинди.