Самарқандда 9,6 млрд сўмга таъмирланган Афросиёб кўчаси очилди (фото)
Самарқанд вилоятида 9 миллиард 600 миллион сўмга таъмирланган Афросиёб кўчаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, Кўчанинг умумий узунлиги 1654 метрни ташкил этади. Кўчага 29 200 тонна асфальт қопламаси ва 3108 метр лоток ётқизилган.
Қайд этилишича, кўчада 3108 метр пиёдалар йўлаги, 1580 метр бордёр, 110 дона ёритиш чироқлари ва 2 дона автобекат мавжуд. Ушбу кўча Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонаси томонидан таъмирланган. Канализация тизими мавжуд бўлмаган Афросиёб кўчасига канализация тизими ўрнатилган.
Маълумот учун, ушбу кўча орқали Тошкент тракт йўли билан Самарқанд туманлари ва бошқа вилоятларга чиқиб кетилади. Самарқанд шаҳри бўйича жами 1821 та кўча мавжуд бўлиб, уларнинг умумий узунлиги 848 километрни ташкил этади. Шундан 444 километр марказий шаҳар кўчалари бўлса, 403 километр шаҳар ички кўчалари ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон туманидаги маҳалланинг 650 метр йўлига шағал ётқизилди.
Шунингдек, Риштонда Катта Фарғона каналини кесиб ўтувчи кўприк қайта таъмирлангани маълум қилинганди.