Сурхондарёда банк фойдасига салкам 22 млн сўм кредит қарздорлиги ундирилди
Сурхандарёнинг Узун туманида банк фойдасига 21 миллион 983 минг 390 сўм кредит қарздорлиги ундирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.
Хабарга кўра, мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган. Маълум қилинишича, унда фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор М.Қ.дан «Aлоқа банк» AТ вилоят филиали фойдасига 21 миллион 983 минг 390 сўм кредит қарздорликларини ундириш белгиланган.
Бюронинг Узун туман бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида М.Қ.нинг бошқарувида «Lacetti» русумидаги автомашинаси борлиги аниқланган. Таъкидланишча, қарздор мажбурий ижро ҳаракатларига тўсқинлик қилиб, ушбу автомашинани яширишга ҳаракат қилган. Шу сабабли бюро ходимлари томонидан ижро ҳаракатлари давом эттирилиб, автомашинага нисбатан қидирув эълон қилинган ва унинг қонуний оқибатлари қарздорга тушунтирилган.
Қайд этилишича, қарздор ўзига тегишли хулоса чиқариб, ижро варақада белгиланган қарздорликни тўлиқ бир кунда тўлаб берган. Шундан сўнг, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан қарздорга нисбатан қўлланилган барча чекловлар бекор қилиниб, ижро ҳужжати белгиланган тартибда тугатилган.
Аввалроқ Конимехда қарийб 17 миллиард сўм, Жомбойда 200 миллион сўмдан ортиқ, Иштихонда қарийб 111 миллион сўмлик ва Тойлоқда салкам 286 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилганди.