Telegram дайжести: Telegram пул ишлай бошлади, метро фожиаси жазосиз қолди, калишга ҳайкал, ID-карта нега қиммат?
Йил охирлаб, байрам яқинлашгани сайин ишчанлик хиёл пасайгандек бўлади. Ўтаётган 2020 йил ҳазилакам оғир келмади ахир. Турли мамлакатлардаги табиий офатлар, урушлару қўзғолонлар, ва айниқса, инсониятни яна бир карра қаттиқ синовдан ўтказган вирус балоси ҳаммани ҳоритди. Аммо, шунга қарамай, одамлар яшашда ва янги кун учун курашишда давом этмоқда. Шуларнинг натижаси ўлароқ, Telegram платформасидаги қизғинлик заррача эса-да пасаймади. Ҳафталик Telegram шарҳини бошладик.
Ҳафта воқеаларини шу платформанинг янгиликларидан бошласак. Telegram асосчиси Павел Дуров мессенжерда пулли ҳизматлар пайдо бўлишини маълум қилди. Хабарда қуйидаги гаплар бор:
«Telegram 500 миллион фаол фойдаланувчи кўрсаткичига яқинлашмоқда. Telegram тарихининг аксарият қисмида мен компаниянинг ҳисоб-китобларини шахсий маблағим билан тўлаганман. Аммо ҳозирги ўсиш суръатларида Telegram миллиардлаб фаол фойдаланувчиларга ва шунга мос келадиган харажатга сабаб бўлади. Технологик компания бу ҳажмгача ўсганда даромад олишни бошлашнинг фақат иккита усули бор. Харажатни қоплаш учун пул ёки каттароқ инвесторга сотиш.
Биз уни кимгадир сотиш ниятимиз йўқ. Шу туфайли Telegram пул ишлашни бошлайди. Бунда биз ўтмишда берган бепул бўлиши ҳақидаги ваъдаларга ва кафолатларимизга содиқ қоламиз. Telegram’да унча билинмас функциялар орқали пул ишлашимиз мумкин. Аксарият фойдаланувчи жиддий ўзгариш сезмайди».
Иккинчи янгилик Telegram’да мутлақо янги функция, яъни гурухли овозли чатлар пайдо бўлганидир. Бунда онлайн овозли чатга бир неча киши қўшилишиб гаплашиши мумкин бўлади. Бу ҳақда ҳам Дуровнинг каналида ўқишимиз мумкин.
Telegram’да шахсий саҳифасига эга депутат Расул Кушербаев ҳафтани яхши янгилик билан бошлади: у Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов ОАВ вакиллари ҳамда блогерларга миннатдорлик билдиргани видеотасвирини келтирди.
Ўз фаолиятида кўпинча монополия ва хусусий мулк дахлсизлиги муаммоларни кўтарувчи Кушербаевнинг «яшасин қонунлари устувор давлат, йўқолсин ‘заказ’лар билан ишлайдиган жамият!» деган дарғазаб чақириқ билан тугатилган постини хам ўқишимиз мумкин.
«Қолган ҳудуд ҳокимлари жим кузатишадими?» деб номланган бошқа постда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2021 йилда барча «снос» қилинган уйларга компенсация пули тийинигача тўланиши тўғрисида очиқ ваъда берганига муносабат билдирди.
Бу ҳафта блогер Нозим Сафари учун танқидларга нишонлик ҳафтаси бўлди. Чойхонадаги қора юморли гаплари учун халқ уни ижтимоий тармоқларда аямасдан калтаклади. Бунга ўзига хос жавоб сифатида блогер каналида қора юмор устаси Жимми Каррни таништирди ва шу орқали қора юморни хамма хам тўғри тушунавермаслигини қистириб ўтди.
«Fayzboguz»да ҳам бир неча диққатга сазовор пост ўқишимиз мумкин. Масалан, Тожикистонга газ сотиш тикланганига муносабат.
Айниқса, Президент иштирокида ўтказиладиган мажлисларда амалдорлар блокнотга нима ёзиши тўғрисидаги видеопост жуда оммалашиб кетди.
Охирги пайтларда камнамо блогер Мухрим ўз каналида Юнусубоддаги метро фожиасига бағишлаб ажойиб пост жойлади. У аччиқ сарказм билан жазосиз ёпди-ёпди қилинган ишларни санаб, метро қурбонларини ёдга олди.
Камнамолашиб кетаётган яна бир блогерлардан бири Эльдар Асанов Telegram каналида ёшларнинг имкониятларини қандай юзага чиқариш бўйича фойдали пост қолдирди.
Русийзабон журналист ва блогер Али Қаҳҳоров ўз каналида Навальнийнинг интернетни портлатган чиқишларига муносабат билдирди.
Қамчиқдаги калиш монументи очилишини ҳам эътибордан четдан қолдирмади.
Отабек Бакиров ҳафта якунида 2021 йилдан ID-карталарга босқичма-босқич ўтишига ажойиб таҳлилий пост бағишлади. Унда карта нархи қимматлигини иқтисодий фактлар орқали савол остига қўйиб, масъулларни қийнашни давом эттирди.
Келаси ҳафта – янги йил ҳафтаси. Эски йилдаги амалга ошмаган мақсадларингизни режасини тузишни унутманг. Энг асосийси, режаларингиз орасида биз билан бирга трендда бўлиш, албатта, бўлсин.