Сим-карта солинадиган жой, модель рақами ва қутиси — фойдаланилган «iPhone» харид қилиш сирлари

Қўлдан сотиб олинган «iPhone» янги эгасига бир қанча нохуш сюрпризларни тайёрлаб турган бўлиши мумкин. Ундаги бир қатор функциялар ишдан чиққан, экрани алмашган ва энг ёмони, ўғирлаб сотилаётган ҳоллар ҳам учраб туради. Бу каби нохуш ҳолатлар бошингизга тушмаслиги учун сизга тутилган «iPhone» танлаш сирларини ўргатамиз.

Фото: «The News Print»

Сим-карта солинадиган жойи синмаган «iPhone»ни танланг

«iPhone» харид қиляпсиз. Аҳволи жуда яхши, корпус ва экрани зарарланмаган, барча функцияси ишлаяпти. Фақатгина сим-карта солинадиган жойи cинган. Мазкур эълонни ўқишингиз билан бу вариант бошқаларига нисбатан яхшироқ туюлади. Худдики, cинган жойни таъмирлатиб, ишлатиб кетадигандек.

Шошманг! Бу — фирибгарлар тузоғи. Сиз телефонни ёққан заҳоти ўз манзил ва тилингизни киритасиз. Экранда «сим-картани жойлаштиринг», деган ёзув пайдо бўлади. Бироқ таъмирлашдан сўнг мобил телефонни фаоллаштириш мумкин бўлмай қолади. Чунки «Apple» «iPhone»нинг ID-адреси ва паролини сўрайди. Аслида эса қурилма ўғирланган ва ўғрилар уни сотаётганда янги эгаси текшириб кўра олмаслиги учун сим-карта тиқадиган жойини атайин синдиришади. Сабаб оддий. Телефоннинг аввалги эгаси қурилма ўғирланган заҳоти уни «iCloud» орқали қулфлаб қўяди.

Шу сабабли «iPhone»га пул тўлашдан аввал уни сим-карта билан фаоллаштириб кўринг. Агар экранда фаоллашиш амалга ошмагани хусусида хабар пайдо бўлса, бу қурилмани харид қилмаган маъқул.

Гаджетни кўздан кечиринг

«iPhone» сотиб олаётганда чироқни ёқиб, қувват оладиган жойини текширинг. У ерда бирор-бир тирналиш ёки шикастланиш аломати бўлмаслиги керак. Акс ҳолат қурилманинг очилганлигини англатади. Шунингдек, қувватловловчи манбаларга ҳам эътибор беринг. Ишлайдиган қурилманинг сими эзилган ва қисилган бўлмайди. Яна «Home» тугмасини ҳам назардан қочирманг, у «iPhone»нинг рангидан фарқ қилмаслиги керак. Шу тугмадаги ҳар қандай ўзгариш шубҳали бўлади. Унда жуда кўп зарурий функциялар, хусусан, «Apple Pay» ишламаслиги мумкин.

Экранга ҳам алоҳида аҳамият беринг

Алмаштирилган экран корпусдан чиқиб туради, яхши ёпиштирилмаган, расмлар хира, босилганда сенсор дарҳол реакция бермайди. Бу вазиятда хариддан воз кечган маъқул. Оригинал бўлмаган экран батареяси тез тугайди, ерга енгил урилганда ёки ҳарорат тушиб кетганда ёрилиб кетиши мумкин. Шунингдек, кўпчилик оригинал бўлмаган қурилмада «True Tone» технологияси ишламайди. Яъни «Сим-карта солинадиган жой» ёруғликка мослашмайди ва ишлатганда кўзлар ёруғликка кўниколмай, чарчайди. Буни «Созламалар — Экран ва ёруғлик» буйруқлари орқали текшириб олишингиз мумкин.

Телефон батареясини ҳам «Созламалар—Аккумулятор—Аккумулятор ҳолати—Максимал имкониятлар» буйруқлари кетма-кетлигини териб, текшириб кўринг.

Қурилманинг рақамини текширинг

Ҳар бир «iPhone»да 15 рақамдан иборат IMEI-идентификатори бўлади. У, одатда, сим-карта солинадиган жой, телефон қутисида акс этган бўлади ва «Созламалар—Асосийлари—Шу қурилма ҳақида» буйруқлари кетма-кетлигидан кейин ҳам чиқиб келади. Бу учала рақам бир-бирига мос тушиши керак.

Шунингдек, модель рақамини ҳам текшириб кўриш лозим. Уни менюдаги «Қурилма ҳақида» буйруғидан топишингиз мумкин. Биринчи ҳарф «iPhone»нинг пайдо бўлган жойи, М — чакана савдо учун янгилиги, F — қайта ишлаб чиқарилгани, N — смартфон гаров шартномасига биноан ўзгартирилгани, P эса – индивидуал шахс номи ўйиб ёзилган «iPhone» эканлигини англатади.

Қутисини синчиклаб текширинг

«Apple» компанияси нафақат қурилманинг ўзи, балки унинг қутисига ҳам алоҳида эътибор берган. Шундай экан, қутида елим ва ўчадиган бўёқ излари бўлмаслиги керак. Ҳақиқий қутида ўчмайдиган полиграфия ёзуви акс этади, холос.

Қурилманинг тарихи билан қизиқинг

«iPhone» харид қилаётганда унинг бузилган-бузилмагани, қайси сервис марказида таъмирланганини синчиклаб суриштиринг. Агар телефон расмий сервис марказда таъмирланган бўлса, хавотирланишга ҳожат йўқ, бироқ дуч келган устага тузаттирилганини сезсангиз, яхшиси бу хариддан воз кечинг.

«iCloud»дан телефонни узиб қўйишни унутманг

Буни «iCloud»да «Созламалар—Менинг ҳисобим—Чиқиш» менюси орқали амалга оширишингиз мумкин. Фақат бу ўринда қурилманинг аввалги эгаси пароли ҳам киритилади. Шу буйруқ бажарилмаса, қурилма блокланиб, барча фотосурат ва ёзишмаларга кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлишингиз мумкин.

Тушунтирамиз