Туркистон мухториятида тузилган миллий қўшин тарихидан

28 ноябрь Ўрта Осиё ва Ўзбекистон ҳудудидаги илк мустақил демократик давлат — Туркистон мухторияти ташкил топган кун ҳисобланади. Қисқа муддат мавжуд бўлган ушбу давлат минтақа тарихида чуқур из қолдирган. У бугунги кунга қадар тарихчилар ва бошқа йўналиш олимларининг диққатини тортиб келади. Ҳар йили мухториятнинг турли жиҳатлари билан боғлиқ мақолалар, тадқиқотлар дунё юзини кўради.

Бу йил Туркистон мухторияти 103 га тўлиши муносабати билан тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, Инновацион ривожланиш вазирлиги етакчи мутахассиси Эркин Ражабовнинг мухторият қўшинига бағишланган мақоласини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Тарихан қисқа муддат мавжуд бўлган Туркистон мухторияти ўзбек давлатчилиги тарихида ўз ўрнига эга. Мухторият кам вақт ҳукм сурган бўлса-да, бугунги кунда ҳам ўз тадқиқотчиларига эга.

1917 йил 26–28 ноябрь кунлари Қўқон шаҳрида бутун Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойи бўлиб ўтиб, унда Туркистон мухторияти ҳукумати тузилди. Бу қурултойда кўрилган бир қатор муҳим масалалар сирасида мухторият халқ милициясини вужудга келтириш ҳамда Туркистонда яшовчи миллатлар тинчлигини сақлаш мақсадида миллий қўшин ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.

Мухторият ҳукумати таркиби саккиз кишидан иборат бўлиб, ҳарбий вазир лавозимини мутахассислигига кўра адвокат бўлган Убайдулла Хўжаев (Убайдуллахўжа Асадуллахўжа ўғли, 1882–1938) – илк ўзбек адвокатларидан бири, журналист, жадидлар ҳаракатининг етакчиси эгаллади.

Кейинчалик Убайдулла Хўжаев Қўқонда бўлмаган вақтда уфалик агроном (баъзи манбаларда полковник дейилади) Маҳди Чанишев 1918 йил февралда ҳарбий кенгаш раиси бўлди. Мухторият қўшини қўмондони вазифасини бажарди. Манбаларда келтирилишича, Маҳди Чанишев Туркистонда шаҳар тартиб-интизомини сақлаш учун бутун милицияга бош қўмондон этиб тайинланди.

Чанишев большевикларга қарши жанглар вақтида алоҳида жонбозлик кўрсатди. Мухторият қонга ботирилганидан сўнг ҳукуматнинг 15 раҳбари – М.Мираҳмедов, А.Ўрозаев, Ҳ.Оғаев, Қушбегиевлар билан биргаликда Чанишев ҳам Скобелевга (бугунги Фарғона) жўнашга мажбур бўлди; аммо шу куннинг ўзида улар қўлга олиниб, отиб ташланди.

Мухториятнинг таянчи бўлган ҳарбий қўшин фаолияти ўша даврнинг илғор даврий нашрларидан бири саналган «Улуғ Туркистон»нинг бир неча сонларида атрофлича ёритиб берилган. Жумладан, Мухтор Бакир ўзининг «Туркистон мухторияти ва туркистонлилар», «Туркистон мухториятини барпо бўлишига куч керак» каби мақолаларида ҳукумат олдида турган асосий вазифалар сифатида миллий армияни шакллантириш, аскарий маҳкамалар ва ташкилотлар тузиш лозим деб таъкидлади. «Мухторият ҳукуматининг вазифаси» номли мақоласида эса «Мустабид чор ҳукумати вақтида Туркистонга четдан нақадар кўп қуролли аскар келтурилиб турилар эрди. Мухторият эълон қилинуб, идора халқнинг ўз қўлиға кўчув ила бу аскарларга эҳтиёж битди. Шуни эътиборга олиб бўлса керак, ҳозир Туркистоннинг бошқа шаҳарларида бўлғон аскарлар ҳар қайсиниси ўз ватанларига қайта бошладилар», – деб ёзса, «Туркистон мухторияти ва туркистонлилар» номли мақолада эса «Мухторият ва истиқболни эълон қилув мушкул эмас. Лекин они ҳаётга татбиқ қилув ва ижро этув кўп тажриба ва билимни, фидокорликни истайди. Мухториятни эълон қилув билан туркистонликлар олдига ғоят улуғ ва оғир бўлувчи ила баробар муқаддас ва масъулиятли хизматлар келуб турмақдадур. Мазкур вазифалар қаторида энг муҳим вазифалардан бири сифатида аскарий маҳкамалар ва ташкилотлар тузиш ва зобития ишларини тартиб этиш эътироф этиб ўтилади», – деган фикрни учратамиз.

Қўқон шаҳрида чиқадиган, мухториятнинг даврий нашри ҳисобланган «Эл байроғи» газетасининг 1918 йил 26 январдаги сонида Туркистон мухториятига катта умидлар билан қараган шоир Чўлпоннинг «Тешабой» тахаллуси остидаги «Мухторият эълон қилинди» номли даъватнома мақоласи эълон қилиниб, унда зўр умидлар билан эришилган мухториятни Туркистон халқи ҳимоя қилиши керак, деган фикр илгари сурилди.

Миллий матбуот нашрларидаги мухториятни ҳимоя қилиш ва бу йўлда миллий қўшин сафига даъватлар ўз натижасини берди. Фарғоналик Шомансур Алихўжаев ҳам миллий қўшин сафига кирди ҳамда бу қўшин сафида совет ҳокимиятига қарши курашларда қатнашди. Бироқ кейинчалик, 1919 йилда Алихўжаев шу сабаб билан ҳарбий трибунал қарори билан олти йилга қамалди.

Мухторият ҳукуматига хайрихоҳ бўлган ва ҳарбий соҳадан хабардор кишиларга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳатто бу жараёнга бошқа миллат вакиллари ҳам жалб этилди. Туркистон мухториятининг раиси Мустафо Чўқай ўғлининг хотираларига кўра, Қўқонда мухторият ҳарбий ишларини йўлга қўйишда уларга поляк штаб-офицери ёрдам берди. Мустафо Чўқай ўғли «Ўша пайтда менинг ёнимда бир польшалик ҳарбий штаб-офицери бор эди. Исмини унутиб қўйганман, бу киши аскарий ташкилотимизнинг шўъба мудири эди. Ўша бизнинг миллий ишларимизга юракдан берилган, билармон ва қобилиятли эди», – дея хотирлайди. Шунингдек, миллий мухторият учун кураш жараёнида мухториятчилар сафида яна бир польшалик офицер Юниша Гзовский ҳам бўлган. Чўқай ўз хотираларида унга ҳам ташаккурини билдириб ўтган.

Мухторият эълон қилиниши ҳамда ўз миллий қўшинини ташкил эта бошлаши билан Туркистонга Россия империяси даврида келган аскарлар ўз ватанига қайта бошлади. Туркистондаги 2-Сибир полки аскарлари мухторият эълон қилиниши билан кетишга қарор қилди; бу полк таркибида ўша даврда 1 500 аскар бўлган бўлса, 1-Сибир полкида 700 га яқин аскар бор эди.

Мухторият эълон қилинган дастлабки кунларданоқ ҳукумат миллий армияси ҳамда милициясига рўйхатдан ўтиш бошланди. 1918 йилнинг 9 январида Туркистон мухторияти аскарлари дастлабки ҳарбий намойишни ўтказди. Мухторият аскарларини Убайдулла Хўжаев ўзи ва янги ҳукумат номидан табриклаб, «Сизлар Туркистон мухториятининг биринчи қаҳрамонлари бўлдиларингиз, бунга фахрлансангиз арзийди, чунки сизлар ватанга биринчи марта ўз ихтиёрингиз билан аскар бўлдингиз. Мен сизларни мухториятли Туркистон ҳукумати аъзолари номидан табриклаб қоламан», – дея Туркистон ёшларининг ватанпарварлик ҳиссини уйғотувчи нутқ сўзлади.

Ўша куни қуролланган қўшин сони 500 кишини ташкил этди (шундан 200 таси отлиқ аскар эди). Қатъий чора-тадбирлар кўрилиши натижасида мухторият қўшинининг сони бир неча мартага кўпайтирилди.

Туркистон мухториятининг озиқ-овқат вазири бўлган Обиджон Маҳмудов ўз ваколати доирасига кирган вазифадан ташқари, мухторият аскарларини қурол-яроғ билан таъминлаш, унга профессионал мутахассисларни жалб этиш масаласига ҳам катта аҳамият берди. 1918 йилнинг бошларида у Кавказда очилган «Иттиҳод ва тараққий» партияси раҳбари Ҳасан Равшаний билан Озарбайжонда учрашди. Учрашув вақтида у Туркистон иттиҳод ва тараққийпарвар жамиятининг Ҳасан Равшаний номига ёзилган мактубини топширди. 1918 йилнинг 9 январида ёзилган бу хатда Туркистонда миллий кучлар ташкил қилиниши учун тажрибали мутахассислар сўралган эди. Туркистон иттиҳод ва тараққийпарвар жамиятининг мактуби ва талабларини Ҳасан Равшаний зудлик билан Истанбулдаги «Иттиҳод ва тараққий» партиясининг бош марказига юборди.

1918 йилнинг 8 март санасида Ҳасан Равшаний Обиджон Маҳмудовга жавоб хати йўллади. У мактубида «…Туркистонда зобит етиштирмоқ мақсадида бир ҳарбий мактаб очиш, ҳарбий ташкилот қуриш ва миллий олойлар (полклар) тузиш учун зобитлар ҳам юборилди… Зобит афандилар ҳам қайдсиз-шартсиз иттиҳод ва тараққий партиясига итоат қиладир ва фақат ҳарбий ишлар билан шуғулланадир. Ана шу тартибда иш юритилган тақдирда катта муваффақиятларга восил бўлишингиздан умидворман ҳамда Туркиянинг ҳар соҳада туркистонлик қардошларимизга ёрдам этажагига ваъда бераман, Афандим», – дея жавоб қайтарди. Мухториятнинг ағдарилганидан бехабар Ҳасан Равшаний ваъдасига кўра Юсуф Зиё исмли шахс ҳамда 20 нафарга яқин усмонли аскарларини Обиджон Маҳмудов билан биргаликда Туркистонга юборди. Аммо бу вақтга келиб, фурсат бой берилган, мухторият большевиклар тарафидан зўравонларча ағдарилган эди.

Мухторият ҳукумати миллий қўшин ташкил этишга мураккаб бир вазиятда киришган бўлиб, аскарларнинг таъминоти қониқарли даражада эмас эди. Таъминот ёмон эканининг бош сабаби маблағ етишмагани эди.

Мухторият аъзоларининг саъй-ҳаракатлари ва маҳаллий сармоядорларнинг ёрдами билан маълум миқдорда маблағ йиғилган бўлса-да, бу маблағ армия эҳтиёжи ва таъминоти учун етарли даражада эмасди. Мавжуд қийинчиликлар ва тўсиқларга қарамасдан, мухторият раҳбарларининг қўшин тўплаш борасида халқ орасида олиб борган тарғибот-ташвиқот ишлари ўз самарасини бера бошлади. Аскарларнинг иккинчи ҳарбий намойишигача мавжуд бўлган ҳукуматнинг мингтача аскарига яна минг нафар аскар қўшилиб, январь ойи охирига борганда уларнинг сони икки мингтага етказилди.

«Улуғ Туркистон»нинг 1918 йил 21 январь сонида “Ушбу январнинг тўққизида Ҳўқандда Туркистон мухториятининг аскарина манёвр ясалған. Бир минг қадар аскар тузилган экан, ҳаммаси мулла Абдураззоқбойнинг боғига йиғилганлар. Ҳукумат нозирларидан ҳарбия нозири Убайдулла Асадуллахўжаев ила молия нозири Ислом Шоаҳмедов бориб аскарни табрик қилғонлар. Оташли нутқ сўзлағонлар. Бу манёврдан сўнг нақ бир мингга яқин аскар йиғилиб, ҳозир муваққат қарамоғида икки минг қадар мунтазам миллий армия бор экан», – деган маълумот келтирилади. Бундан ташқари, ҳарбий тайёргарлиги бор, Туркистон мухториятига содиқ фуқаролар халқ милициясига инструктор сифатида хизматга таклиф этилди.

Буларнинг барчаси Совет тарихчиларининг мухториятчиларнинг аҳоли орасидан ўзининг армиясига ўз хоҳишига кўра «киришга чақирган даъвати пучга чиқди, ҳукуматнинг ҳарбий қўшини 60 кишидан иборат бўлган», «ҳукумат қўшинига жиноятчи гуруҳлар жалб қилиниб, шундай қароқчилар ёрдамида қўшин сонини 2 мингтага етказди», «мухторият қўшини инструкторлари оқ гвардиячилар ва турк офицерларидан иборат эди, улар Совет ҳокимиятига қарши курашиш учун бажонидил аскар беришга рози бўлган», деган мутлақо асоссиз хулосаларини йўққа чиқаради.

Баъзи адабиётларда ҳукуматнинг 60 кишилик армиясининг аксариятини кавказлик ва эронликлар ташкил қилган деган илмий асосланмаган маълумотлар ҳам кўрсатилади.

Қўшин етакчилари, унинг миллий таркиби, мухторият қўшини қайси давлатлар қўшини намунаси асосида бўлгани, тузилиши ҳақида маълумот сақланиб қолмаган. Бир қатор тадқиқотларда ҳукумат томонидан 2 минг кишилик мунтазам армия ташкил қилингани, Эргаш қўрбошининг большевикларга қарши фаолияти ёритилган, холос.

Большевиклар мухторият ташкил этилишига тиш-тирноғи билан қарши эди. Аммо уни бутунлай тугатиш учун большевиклар етарли ҳарбий кучга эмас эди. 1918 йил 19 январда Қизил гвардия Оренбургни эгаллаши Москва билан алоқани вақтинча яхшилади ва Туркистонга борадиган йўлни очди. Шундан сўнг Тошкент ўзини қурол-яроғ билан таъминлаш имкониятига эга бўлди. Мухториятни тор-мор этиш учун Тошкентдан Қўқонга 300 та милтиқ юборилди. Е.А.Бабушкин Тошкентга бориб, мухториятга қарши Қўқонга қизил гвардиячилар отрядини юборди.

Қўқонда тўққиз кишидан иборат Ҳарбий-инқилобий қўмита тузилди. Е.А.Бабушкиннинг илтимосига кўра Қўқонда милиция ташкил этиш, шунингдек, Қизил армия ишини тегишли даражага кўтариш учун Тошкент Совет Ижроия Комитети бир гуруҳ вакилларни ҳам юборди.

Дастлабки жангда мухториятнинг миллий қўшинидан ташқари қўқонлик тинч аҳоли вакиллари ҳам қатнашди. Асосан, болта, чўкич, таёқ кўтарган халойиқнинг сони 10 минг кишига етди. Шунга қарамай, қуролсиз бу кишилар қизил аскарларнинг Қўқон шаҳрига қилган ҳужумини уч кун давомида мардонавор қайтарди. Бу орада мухториятчилар сафида парокандалик юз берди. 18 февралда уламоларнинг тазйиқи остида Мустафо Чўқай истеъфога чиқди ва баъзи вазирлар сингари Қўқонни тарк этди. Айрим вазирлар (Ҳ. Оғаев ва б.) жангда ҳалок бўлди. Ҳукуматнинг бошқа аъзолари (О.Маҳмудов, Носирхон тўра, С.Герцфельд, У.Асадуллахўжаев, И.Шоаҳмедов) эса кейинчалик большевиклар томонидан қўлга олинди.

Етарли ҳарбий куч тўплаган большевиклар Туркистон мухториятига қарши 1918 йилнинг 19–22 февралида кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошлади. Туркистон Халқ нозирлари кенгаши 14 февралда Фарғонада ҳарбий ҳолат эълон қилди. Фарғона вилояти ижроқўми 1918 йил 18 февралда 18 ёшдан 45 ёшгача бўлган эркак фуқароларни мухториятга қарши ҳарбий сафарбар этиш тўғрисида махсус қарор чиқарди. Совет ҳокимияти маҳаллий аҳоли вакилларини мухториятга қарши ҳарбий ҳаракатларга жалб этиш мақсадида уларни ҳарбий таълимга ўргата бошлади. Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари ўз самарасини берди ва  мухторият 22 февраль санасида ҳарбий куч ёрдамида ағдарилди.

Туркистон мухториятига кучли ва профессионал миллий қўшин жуда зарур эди. Келгусида у мухториятнинг таянчи ва суянчи, ҳимоячиси бўлиши лозим эди. Аммо қисқа фурсатда замонавий қуролланган большевикларнинг ҳарбий кучлари: қизил гвардиячилар отрядлари ва дашноқ дружиналарига тенг келадиган ҳарбий қўшин йиғишнинг умуман иложи йўқ эди. Ўз вақтида Туркистон Мусулмонлар бюроси (Мусбюро), Туркистон АССР МИҚ раиси лавозимларида ишлаган Турор Рисқулов (1894-1938) ҳам ўзининг «Инқилоб ва Туркистоннинг ерли халқлари» китобида «Қўқон ҳукумати ҳарбий кучга муҳтож эди», – деб ёзган эди.

Мавжуд қийинчиликлар, муаммоларга қарамасдан Мухторият аъзолари ўзининг миллий қўшинини ташкил эта олди, аммо уни сифат жиҳатидан юқори даражага кўтара олмади. Шундай бўлса-да, қўшин сафига маҳаллий миллат вакилларининг келиб қўшилиши Россия империяси даврида узоқ вақт ҳарб ишига яқинлаштирилмаган бўлса-да, уларда жанговарлик, ватанпарварлик, ҳарбий санътнинг йўқолмаганлигини кўрсатди.

Тушунтирамиз