Экология вазирлиги қўмитага айлантирилди
Президент Шавкат Мирзиёев «Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Фармонга кура:
• Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади;
• Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси (кейинги ўринларда – Экология қўмитаси) ташкил этилади;
• Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ташкилий тузилмасида 2 та штат бирлигидан иборат Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаси ташкил этилади.
Экология қўмитаси қуйидаги умуммиллий лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади:
• чиқиндиларни қайта ишлаш ва улар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган «Чиқиндидан ҳоли ҳудуд» умуммиллий лойиҳаси;
• атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси;
• 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил қилишга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси;
• аҳоли орасида эко-одатларни шакллантириш ва экологик ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган «Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси;
• биохилма-хилликни келажак авлод учун асрашга қаратилган «Био мерос» умуммиллий лойиҳаси.
Щунингдек, Экология қўмитаси ҳузурида 15 нафаргача хорижий ва маҳаллий экспертларни фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб қилган ҳолда экология соҳасидаги «Эколойиҳалар фабрикаси» (кейинги ўринларда – Лойиҳа офиси) ташкил этилади.
Шу билан бирга Экологик назорат кучайтирилади:
• 2026 йил 1 апрелдан бошлаб 2-иловага мувофиқ экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қўллаш тартиби жорий этилади;
• молиявий санкциялар пул ундириш (жарималар) тарзида фақат юридик шахсларга қўлланади;
• бир хил ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкциялар қўлланган юридик шахсларнинг ходимларига маъмурий жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмайди;
• ҳуқуқбузарликнинг такроран содир этилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантириш олиш ҳамда жаримани тўлаш экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйган шахсни Экология қўмитасининг қарорини (тақдимномасини, кўрсатмасини) бажариш ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятидан озод этмайди.





