Ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади
4 октярбь куни Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун қабул қилинди.
Қонун билан киритилган ўзгартиришларга кўра, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик учун белгиланган жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Эндиликда бундай ҳаракатларни содир этган шахслар БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима, 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ва 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий тармоқлар орқали турли хил фикр ва мулоҳазаларга ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Сўнги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали «қаердадир фуқаро ИИВ ходимига қўл кўтарди» ёки «ИИВ ходими калтакланди» ва бошқа шунга ўхшаш хабарлар кўп учраб турибди.
Бундан кўриниб турибдики, жамиятда ҳокимият вакили ёки ўз фуқаролик бурчини бажараётган шахслар ҳамда фуқаролар ўртасида турли хил зиддиятли ҳолатлар келиб чиқмоқда.
Ҳолатлар ўрганилиб, таҳлил қилинганда кўпчилигида фуқаролар томонидан жамиятда ўрнатилган тартиб- қоидаларни менсимаслик, уларни бузиш, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршиликлар кўрсатиш аниқланган.
Статистикага кўра, сўнгги йилларда ҳокимият вакилига нисбатан фаол қаршилик кўрсатиш жиноятларининг сони ошган.
Мутахасиснинг таъкидлашича, ўз хизмат бурчини яхши билмайдиган, фуқароларга нисбатан қўпол муомалада бўладиган ҳокимият вакиллари борлиги ҳам рост. Бундай ҳокимият вакиллари тегишли тартибда жазосини олишлари лозим. Агарда фуқаролар шундай ҳолатларга дуч келишса, яъни ҳокимият вакили томонидан унга нисбатан қўпол муомала қилинса ёки ҳуқуқ ва эркинликлари бузилса, ушбу ҳолат бўйича судга ёхуд бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.
Сўнги вақтларда ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик ҳолатлари ҳам сезиларли даража ошиб бормоқда. Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, ички ишлар органларига бориш ёки кўрсатилган муддатда ички ишлар органларида бўлиш, транспорт воситасини тўхтатиш ва жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш ИИО ходимларининг қонуний талаблари ҳисобланади.
Шунингдек, янги қабул қилинган қонун билан Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг қонуний талабларини бажармаслик ҳамда ўз хизмат бурчларини бажаришга қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилган.